Нукусда “Баркамол авлод” болалар мактабларида ташкил этилган тўгарак аъзолари ўртасида “Баркамол авлод болалари” фестивали бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими, “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридагиРреспублика “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Д.Уралов, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Қожабаева сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Фестивалда “Маданият ва санъат” (Тасвирий санъат ва либос), “Техник конструкторлик ва моделлаштириш” (робототехника ва конструкторлик), “Жисмоний тарбия ва спорт” (шахмат ва шашка), “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” (миллий каштачилик), “Туризм ва экология” (ландшафт), “Олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлаш” (ментал арифметика), “Хорижий тиллар” (инглиз тили) йўналишлари бўйича 15 минг нафардан зиёд ўқувчи-ёш иштирок этди.
Тадбир доирасида ижодий учрашувлар, таълим муассасаларида тарғибот ишлари, ўқув-семинарлар, кўргазма-ярмаркалар, эко сайиллар, концерт дастурлари ташкил этилди.
Фестиваль-танлов якунида барча йўналишлар бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган ўқувчилар махсус диплом, қимматбаҳо эсдалик совғалари, фестиваль рамзи туширилган статуэтка билан тақдирланди. Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари