Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида футбол бўйича 23 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасида ўтказилаётган Осиё кубогида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ярим финал баҳсида Индонезия термаси билан куч синашди.
Темур Кападзе шогирдлари мазкур ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Осиё кубоги финали ҳамда энг муҳими футболимиз тарихида илк маротаба Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Албатта, бу кун мамлакатимиз спорти тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилди.
Футбол ихлосмандларининг 28 йиллик орзуси ушалди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси «Париж-2024» Олимпиадасида иштирок этади. Баракалла йигитлар.
Шу ўринда, мустақилликка эришганимиздан буён футбол бўйича олимпия терма жамоаларимизнинг босиб ўтган йўлига бир назар ташласак.
Футболчиларимиз Олимпиадага йўлни 1996 йилги «Атланта-1996» Олимпия ўйинлари саралаш босқичидан бошлаган. Дастлаб, футболчиларимиз мазкур мусобақага чиқиш учун ўтган саралаш баҳсларининг илк босқичида қатнашган ва омадсизликка учраган.
Сўнгра «Сидней-2000» Олимпиадаси учун навбатдаги уринишда мағлубиятга учраган. Шунингдек, футбол бўйича олимпия терма жамоамиз «Афина-2004», «Пекин-2008», «Лондон-2012», «Рио-2016» ва «Токио-2020» Олимпия ўйинларининг саралаш баҳсларида иштирок этиш учун бир неча бор ўз омадларини синаб кўрдилар. Афсуски, бу синовлар футболчиларимиз учун муваффақиятсиз якунланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда футболни янада ривожлантиришга қаратилган улкан эътибор орқали юртимизда иқтидорли футболчилар камол топа бошлади. Уларнинг ўз истеъдодларини намоён қилишлари учун барча имкониятлар яратилди. Бунинг натижасида айни дамда Қатар яшил майдонларида халқимизнинг узоқ кутилган орзусини амалга оширадиган жамоа шаклланди. Бу жамоа ҳали улкан марраларни забт этиши шубҳасиз.
Темур Кападзе қўл остидаги жамоамиз энди 3 май куни Осиё кубогини қўлга киритиш учун майдонга тушади. Олимпиячиларимизнинг ушбу соврин йўлидаги сўнгги рақиби бугун, Тошкент вақти билан 22:30 бошланадиган Ироқ ва Япония терма жамоалари ўйинида аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, ярим финал босқичида мағлуб бўлган жамоалар 2 май куни мусобақанинг учинчи ўрни учун ўтадиган беллашувда иштирок этади. Унда ғолиб бўлган жамоа «Париж-2024» мусобақасига тўғридан-тўғри йўл олади.
Имкониятни бой бериб қўйган терма жамоа эса Африка кубогида 4-ўринни эгаллаган Гвинея термаси билан 9 май куни қитъалараро плей-оффда рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА