ХХ асрда чўкиб кетган “Титаник” кемасининг энг бой йўловчиси Жон Асторга тегишли тилла соат Буюк Британиядаги кимошди савдосида қарийб 1,5 миллион долларга сотилди, дея маълум қилди “Sky News” телеканали “Henry Aldridge & Son” кимошди савдо уйи берган маълумотларга таяниб.
“Титаникдаги энг бадавлат киши жасадидан топилган чўнтак соати 1,175 миллион фунт стерлингга сотилди”, – деб хабар тарқатди мазкур телеканал. Таъкидланишича, аввалига соатни 100-150 минг фунт стерлинг оралиғида сотиш режалаштирилган эди.
“Henry Aldridge & Son” кимошди савдо уйининг маълум қилишича, ушбу соат “Титаник” кемасидан топилган ва савдога қўйилган буюмлар орасида энг қиммати ҳисобланади.
Тарихдан маълумки, Британиянинг энг йирик йўловчи кемаси – “Титаник” 1912 йил 14 апрелда ўзининг биринчи сафарини амалга ошираётганда муз тоғига урилиб чўкиб кетганди. “Аср ҳалокати” деб таъриф берилган ушбу воқеа тахминан 1,5 минг кишининг океан тубига ғарқ бўлишига сабабчи бўлган.