Қуёш панеллари ишлаб чиқарилади
Давлатимиз раҳбарининг Оролбўйига қаратаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида бугун юртимиз ривожланишнинг янгича йўналишида қадам босиб, бу борада тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда.
Нукус шаҳридаги “Нукус электроаппарат” қўшма корхонасида йиллик қуввати 150 МВт бўлган қуёш панелларини ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳа ишга туширилди. Корхонанинг янги йўналиш бўйича иш бошлаши учун ускуналар Хитой давлатидан олиб келинган.
Ҳозир ишлаб чиқариш Корея технологияси асосида амалга оширилмоқда.
Қарорнинг моҳияти тушунтирилди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Aҳмедова Амударё туманидаги овул ва маҳаллалар масъуллари билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Шунингдек, масъулларга аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағаллик даражасини пасайтириш, сув, табиий газ, электр энергиясидан самарали фойдаланиш ҳамда тежаб ишлатиш борасида тегишли тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.
Марказ биноси фойдаланишга топширилди
Элликқалъа туманида “Ўзбектелеком” биносининг фойдаланилмасдан турган қисмида Масофавий хизматлар кўрсатиш марказининг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими В.Ниязимбетов иштирокчиларни янги марказнинг очилиши билан қутлади ва керакли жиҳозлар, компьютер жамланмаларини топширди.
Марказнинг таъмирлаш ишлари учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида 1 миллиард 320 миллион сўм маблағ ютиб олиниб. “Тупроққалъа махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамият томонидан қисқа муддатда фойдаланишга топширилди. Марказ 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, ёшлар учун барча имконият ва шароит яратилган.
Депутат кўмак берди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Халқ депутатлари Беруний туман Кенгаши депутати Илҳомжон Атабаевга ўзи сайланган ҳудуд – Махтумқули овули фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи сайловчилар томонидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда қишлоқ аҳолиси томорқа ерларини суғориш масаласи муаммо эканлигини маълум қилиб, ариқ- зовурларни тозалашда амалий ёрдам сўрашган. Депутатнинг кўмаги билан Ишан-яб каналида 1 километр узунликда ариқ қазиб берилди. Натижада ҳудуддаги 200 дан зиёд хонадон томорқаси, 10 дан ортиқ деҳқон ва 2 та фермер хўжалигининг ерларига сув етказиш ишлари амалга оширилди.
Кредит маблағини ўзлаштириш ҳолати аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда кредит маблағини ўзлаштириш ҳолати аниқланди.
“A.V.” масъулияти чекланган жамияти масъул шахслари тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағи эвазига харид қилинган 85 бош наслли қорамолни сотиб юбориб, 2,5 миллиард сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги, шунингдек 787,4 миллион сўм солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганликлари фош этилган. Бундан ташқари, банкнинг амалиёт бўлими масъул шахслари кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган 3,5 миллиард сўмлик кўчмас мулкларни асоссиз гаровдан чиқариб юборганликлари маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракати ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири