Ўзбекистон – Тожикистон: алоқалар ривожи рақамларда акс этмоқда
Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида товар айрибошлаш 3 баробар ошди ва 2023 йил 750 миллион долларни ташкил этди.
Бу рақамлар мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов томонидан Президент Шавкат Мирзиёевинг Тожикистонга давлат ташрифи арафасида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция бизнес анжуманида таъкидлаб ўтилди. Мазкур кўрсаткич жорий йил бошидан буён яна 40 фоиз ортган. Икки давлат ҳудудида 370 дан зиёд қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ҳолбуки, 2017 йил бу рақам атиги 17 тани ташкил этарди.
Тадбирда икки қардош халқ етакчиларининг ўзаро яқин муносабати, давлатларимиз ҳамкорлиги кўламини кенгайтириш бўйича илгари сураётган ташаббуслари бу борада муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Қолаверса, иқтисодий алоқани чуқурлаштиришда ҳали ишга солинмаган имконият бисёрлиги ҳам эътироф этилди.
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Тожикистон Бош вазири ўринбосари Усмонали Усмонзода ҳамраислик қилган анжуманда 600 нафардан зиёд ишбиларман доира вакиллари, вазирлик ва муассасалар, тармоқ бирлашмалари ва ҳудуд маъмурияти раҳбарлари иштирок этди.
Анжуманда металлургия, фойдали табиий маҳсулотларни қазиб олиш, ўзлаштириш ва қайта ишлаш, шамол, қуёш электр энергиясини ривожлантириш, гидроэнергетика, машинасозлик ва электротехника маҳсулоти ишлаб чиқариш, агросаноат мажмуаси, енгил саноат каби йўналишлар ҳамкорликни ривожлантиришда энг устувор соҳалар этиб белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, икки давлат раҳбарлари ўзаро муносабатда янги тарихий босқични бошлаб берганига юқорида келтирилган рақамлар ҳам ишончли далил бўлади.
С.Раҳимов, ЎзА