Тошкент шаҳридаги «Жар» спорт мажмуасида самбо бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Анатолий Кочедиков хотирасига бағишланган халқаро турнирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларидан келган 200 нафардан зиёд маҳоратли ёш самбочилар 9 та вазн тоифасидаги беллашувларда ғолиблик учун кураш олиб боришди.
2008-2010 йилларда туғилган маҳоратли самбочилар ўртасидаги муросасиз баҳсларнинг 46 килограммлилар ўртасида андижонлик Шаҳбоз Абдулҳакимов олтин медалга сазовор бўлган бўлса, -49 килограммда қорақалпоғистонлик Зуҳритдин Курбанбаевга, -71 килограммда самарқандлик Абдуллоҳ Раҳмоновга тенг келадигани топилмади.
Қолга барча вазнларда пойтахтлик спортчиларнинг қўли баланд келди. Бу эса -53 килограммда Абдураҳмон Саъдуллаев, -58 килограммда Мурод Ўринов, -64 килограммда Бекнур Беркинбаев, -79 килогарммда Тарас Бучинцев, -88 килограммда Рамазон Бозоров, +88 килограммда Михаил Бозоровнинг 1-ўринни эгаллашига олиб келди. Мусобақалар сарҳисобига кўра, Қозоғистон вакиллари 3 та бронза, Қирғизистон ва Россия самбочилари 1 тадан бронза медалини қўлга киритишди.
Ғолиб ва совриндорлар медал, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА