Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг ёш иқтидор эгалари орасида Аббосбек Файзуллаев ўзининг ёрқин ўйини билан барчани лол қолдираётгани сир эмас. Гарчи 20 ёшда бўлса ҳам, Аббосбек халқаро майдонда ўзгача услуби билан терма жамоамиз ва «ЦСКА» клубида ажралиб турибди.
Куни кеча Аббосбек «ЦСКА» таркибида Россия кубогининг 1/2 финали жавоб ўйинида «Балтика»га қарши асосий таркибда майдонга тушди ва 69 дақиқа ҳаракат қилиб, 36-дақиқада жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Мазкур баҳс москваликлар фойдасига 2:0 ҳисобида якунланди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Аббосга Италиянинг энг қадимий жамоаларидан бири «Парма» қизиқиш билдирмоқда. Умид қиламизки, А.Файзуллаев янги мавсумда Европанинг энг номдор жамоалари сафида тўп тепади.
***
Ислом Исмоилов бошқарувидаги Ўзбекистон U16 терма жамоаси Тошкент шаҳрида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришди. 20 апрелдан бошлаб йиғиннинг иккинчи қисми Минск шаҳрида давом этади.
Вакилларимиз 23-28 апрель кунлари «УЕФА Ассист» дастури доирасида бўлиб ўтадиган «Ривожланиш кубоги» халқаро турнири доирасида Беларусь, Озарбайжон ва Никарагуа жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
***
Европа Чемпионлар лигасининг чорак финалидан ўрин олган «Боруссия» – «Атлетико» жамоалари ўртасида жавоб ўйини бўлиб ўтди. Унда «Боруссия» 4:2 ҳисобида рақибдан устун келди ва икки беллашув натижасига кўра 5-4 ҳисобида ғалаба билан ярим финалга йўл олди.
Шунингдек, мазкур босқичда «Барселона» – «ПСЖ» учрашуви ўтказилди. Унда «ПСЖ» гарчи сафарда ўйин ўтказишига қарамасдан, рақибга нисбатан анча ҳужумкор ва сифатли ўйин намойиш этди. Бунинг натижасида Париж шаҳри клуби 1:4 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа «ПСЖ» икки беллашув натижасига кўра, 6-4 ҳисобини қайд этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Шу тариқа, Чемпионлар лигаси ярим финалида «ПСЖ» ва «Боруссия» ўзаро тўқнаш келади. Дастлабки ўйинда «Сигнал Идуна Парк»да 30 апрелдан 1 майга ўтар кечаси бўлиб ўтса, жавоб учрашувга «Парк де Пренс» мезбонлик қилади ва ундаги ўйин 6 майдан 7 май кунига ўтар кечаси бўлиб ўтади.
Иккинчи ярим финал жуфтлиги бугун бўлиб ўтадиган баҳслардан кейин маълум бўлади. Унда «Бавария» – «Арсенал», «Манчестер Сити» – «Реал Мадрид» клублари ярим финал йўлланмаси учун куч синашади.
***
«Барселона» вингери Ламин Ямал ҳар йиллик «Golden Boy» соврини рейтингида етакчи бўлиб турибди. Мазкур соврин Европа олий лигаларидан бирида тўп тепаётган 21 ёшга тўлмаган энг яхши футболчисига топширилади. Иккинчи поғонада ҳозирча «Бенфика» ярим ҳимоячиси Жоау Невеш бормоқда. Кучли учликни «Манчестер Юнайтед» форварди Алехандро Гарначо якунлаб беради.
Эслатиб ўтамиз, «Golden Boy-2023» совринига Жуд Беллингем эга чиққанди.
***
Осиё чемпионлар Лигасининг «Ал Айн» ва «Ал Ҳилол» клублари ўртасидаги ярим финал дастлабки баҳси бугун бўлиб ўтади.
Аслида кеча ўтказилиши керак бўлган ўйин Дубайдаги ноқулай об-ҳаво шароитлари сабаб қолдирилган эди. Бирлашган Араб Амирликлари Дубай шаҳри кўчаларида ҳозирда кучли ёғингарчилик оқибатида сув тошқинлари кузатилмоқда.
***
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон U23 терма жамоаси бугун Осиё кубогидаги юришини Малайзияга қарши ўйин билан бошлаши ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ўйинда футболчиларимиз тўлиқ оқ либосда ҳаракатланадиган бўлди.
Учрашувни эса иорданиялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Аниқроғи, учрашув бош ҳаками сифатида Аҳмад Файсал Муҳаммад Алали ишлайдиган бўлди. Унга қанотларда ҳамюртлари Айман Файсал Ҳамзе Обейдат ва Аҳмад Мансур Самара Муҳсен ёрдам беради. 4-расмий ҳакам вазифасини Кимура Ҳироюкига (Япония) бажаради. Абдуллоҳ Дафер Ал Шеҳри (Саудия Арабистони) эса ВАРда фаолият олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Малайзия ўртасидаги ўйин бугун соат 18:00 да старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА