Ўзбекистон – Эрон: Божхона соҳаси ҳамкорлигининг истиқболлари

275

Божхона қўмитасида Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий билан учрашув бўлиб ўтди.

Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов делегация аъзоларини ташриф билан қутлар экан, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон – Эрон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга ва янги поғонага кўтаришга қаратилган фаол ташқи сиёсат юритилаётганини алоҳида қайд этди.

Хусусан, 2023 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида икки давлат раҳбарларининг учрашуви Ўзбекистон – Эрон муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, инвестиция, инновация ва транспорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Амалга оширилаётган очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон – Эрон ўртасида ташқи савдо айланмаси сўнгги бир йилда сезиларли даражада, яъни 24 фоизга ошди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги божхона соҳаси ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини атрофлича муҳокама қилди.

Ташриф сўнгида элчи Ўзбекистон божхона хизматини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, айниқса, соҳани рақамлаштириш борасида эришилган ютуқларни алоҳида эътироф этди.

Ш.Маматуропова, ЎзА