Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган “Остона” халқаро форумини 2025 йилга кўчирганини маълум қилди.

“Қозоғистонда юз берган тошқин ва кенг кўламдаги вайронагарчилик оқибатларини бартараф этиш ҳамда мамлакат фуқароларига ёрдам кўрсатиш мақсадида молиявий маблағларни иқтисод қилиш заруриятидан келиб чиқиб, мен “Остона” халқаро форумини ўтказишни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилдим, — деб ёзади жаноб Тўқаев ўзининг Х ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. “Умид қиламанки, тадбирга таклиф этилган иштирокчилар бу қароримни тўғри тушунади” – дейди Тўқаев.

Эслатиб ўтамиз, халқаро форум 13-14 июнь кунлари республика пойтахтида Қозоғистон Президенти раҳбарлигида бўлиб ўтиши керак эди. Форумда иштирокчилар ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик, халқаро ривожланиш ва барқарорлик, энергетика ва иқлим ўзгариши, иқтисодиёт ва молия каби йўналишларни муҳокама қилишлари кутилаётган эди.

Республика ФВВ хабар қилишича, Қозоғистонда тошқин зоналаридан 102 минг 328 нафар киши эвакуация қилинган. 10 минг 120 нафар киши уйга қайтган. 6 757 нафар киши вақтинчалик жойлаштириш марказларига жойлаштирилган.

Азиза Алимова тайёрлади,

ЎзА