Кутилганидек, Исроил Дамашқдаги Эрон консуллигига берган зарбасидан кейин 14 апрелга ўтар кечаси Теҳрон бунга жавобан дронлар ҳужумини амалга оширди. Хусусан, Эрон бу ҳаракатни бирор гуруҳ ёки ташкилот қўли билан эмас, ўз ҳудудидан туриб амалга оширди.
“The New York Times” нашри 5 соатга яқин давом этган ҳужумда Эрон Исроил томонга 185 та дрон, 146 та турли хилдаги учувчисиз ҳаракатланадиган қурилмаларни учирганини ёзиб чиқди. Исроил томони катта талофат кўрмагани ва ракеталар уриб туширилганини айтаётган бўлса, расмий Теҳрон буни “муваффақиятли ҳужум” деб баҳолаган. Ҳужумни қайтаришда Патриот тизимларидан фойдаланилгани маълум. Ушбу воқеа сабаб Яқин Шарқдаги ҳаво сарҳадлари вақтинча ёпилиб, авиарейслар тўхтатилган.
Маълумотларга кўра, Эроннинг жавоб зарбасидан сўнг Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол ишлаб чиқарувчи заводига ҳужум уюштирган.
– Исроилга қарши операция якунланди, -деди Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби раҳбари ўз баёнотида. – Эрон уни давом эттиришни режалаштирмаяпти. Агар сионистик режим Эрон ҳудуди, шунингдек, Суриядаги ёки бошқа давлатлардаги Эрон марказларига қарши қандайдир чора кўрса, кейинги амалиётимиз бунданда қаттиқроқ ва кенгроқ тус олади.
Қўшма Штатлар нашрлари Пентагон раҳбари Ллойд Остинга таяниб ёзишича, Вашингтон Теҳрон билан ўзаро зиддият қидирмаётганини ёзмоқда. Европа Иттифоқи ҳам Эроннинг жавоб зарбаларидан сўнг икки томонни босиқликка чақирган ва кескинлик минтақада авж олиб кетишидан хавотирда. 14 апрель куни Байден ва Нетаняҳунинг телефондаги суҳбатидан кейин Исроил раҳбари ҳам жавоб зарбасини бериш қароридан қайтганлигини “The New York Times” газетаси ёзиб чиқди. Лекин охирги маълумотларга кўра, Исроил генерали Ганц Эронга қарши ҳужум амалга оширишга ваъда берган.
Минтақадаги қарама-қаршиликдан сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шошилинч йиғилиш ўтказиб, томонларни босиқликка чақирмоқда.
Сардорбек Поёнов, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.