12 апрель куни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида 2024 йилги Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Саян юриши” мусобақасида иштирок этиб, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилган юрт ўғлонлари тантанали кутиб олинди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан маълум қилинишича, байрамона тадбирда ушбу нуфузли халқаро мусобақаларда Мудофаа вазирлиги жамоаси ғалабалар серияси билан иштирок этиб келаётгани таъкидланди.
Россия Федерацияси ҳудудида ўтказилган ва Халқаро армия ўйинларини бошлаб берган мазкур мусобақада жами 9 та жамоа иштирок этиб, Ўзбекистон улар орасида кучли учталикдан ўрин олди.
Совуқ иқлим, ноқулай об-ҳаволи тоғ ҳудудларида 50 километрлик масофани босиб ўтиш давомида жамоалар 12 та шарт бўйича кўрсатилган меъёрларни юксак жанговар маҳорат билан бажаришди. Янгиланган жамоамиз учун бу каби кутилмаган тўсиқларни енгиб ўтиб, кучлилар ичида ном таратиш осон кечмади.
Россия Федерацияси, Хитой, Эрон каби кучли давлат жамоалари иштирок этган мусобақада юртимиз ҳарбий хизматчилари учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолибларга ҳарбий оркестр садолари остида медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА