Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятида бўлди.
Ташрифнинг иккинчи куни Зарбдор туманида Жиззах вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев бу мулоқот Рамазон ҳайити арафасида ўтаётганига урғу бериб, халқимизни ушбу улуғ айём билан табриклади.
Барча ҳудудлардаги каби Жиззах вилоятида ҳам катта ўзгаришлар бўлаётгани қайд этилди. Сўнгги етти йилда вилоятга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 2 минг 500 та янги корхона ишга тушган. Уларда 45 мингта доимий иш ўринлари яратилган. Тадбиркорлар сони 2 карра кўпайган. Қишлоқ хўжалигидан саноатга катта сакраш бўлган.
Лекин ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар, долзарб масалалар ҳам бор. Айрим туманларда аҳолини барқарор иш ва ойлик билан таъминлайдиган ўрта корхоналар кам. Вилоят саноатининг 80 фоизи 3 та тармоқ ҳиссасига тўғри келади. Етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ер майдонларига яраша эмас.
Шу боис, ташрифдан олдин, иқтисодий комплекс вакиллари туманларни чуқур ўрганиб, вилоятда 57 минг иш ўрни яратиш имкониятларини чамалади. Умуман, Жиззахнинг 13 та туманида иқтисодиётга туртки берадиган 100 та имконият ва захиралар аниқланган.
Йиғилишда бу Зарбдор тумани мисолида кўрсатиб ўтилди. Масалан, тумандаги тижорат банклари маҳаллий тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиб, фаолиятини кенгайтиришга кўмаклашади. “Зарбдор текстил” корхонаси қувватлари оширилади. “Ривож давр” фермер хўжалиги аҳолига бўлиб берилган ерларда қовун етиштириш ва уни қайта ишлаш орқали 28 миллион доллар экспорт қилишни режалаштирган.
Давлатимиз раҳбари Жиззах вилояти иқтисодиётини ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни маълум қилди.
Вилоятда қишлоқ хўжалиги имкониятлари катта. Лекин экспорт учун етарли маҳсулот йўқ. Шу боис экинларни кўпайтириш бўйича янгича тизим жорий қилинади.
Хусусан, банклар ўзига бириктирилган 309 та маҳаллага лидер тадбиркорларни топади. Улар орқали аҳолига томорқада даромад топиш учун молиявий хизмат тўплами қилиб берилади. Бунинг учун банклар лидер тадбиркорларга айланма учун 3 йил муддатга 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратади, бюджет ҳисобидан агроном жалб қилиш, ўқитиш, маҳаллада йиғиш, сақлаш ва қуритиш пунктларини ташкил қилиш учун 1 миллиард сўмгача грантлар беради, “Оилавий тадбиркорлик” дастуридан 33 миллион сўмдан, “Бизнесга биринчи қадам” дастуридан 17 миллион сўмдан кредит ажратади.
Туманларда биттадан яхлит контур танлаб олиниб, жами 500 гектар майдонда бир хил маҳсулот етиштириш йўлга қўйилади. Арнасойда 16 центнердан кам ҳосил олинаётган ерлар лотларга бўлиниб, мева-сабзавот экадиганларга таклиф қилинади.
Буларнинг натижасида вилоятда мева-сабзавот етиштириш ҳажмини икки йилда 2 карра ошириб, 3 миллион тоннага, кейинчалик 5 миллион тоннага олиб чиқиш имконияти бор. Бу қайта ишлаш ва экспортни ҳам 2-3 баробар оширишга замин бўлади.
Вилоятда касаначилик асосида асаларичиликни ривожлантириш учун имконият ҳам, тадбиркорлар ҳам бор. Масалан, ўрмон хўжалиги ерларига асалари қутиларини жойлаш орқали мингта оиланинг бандлигини таъминлаш, 50 миллиард сўм қўшимча даромад олиш, 2 миллион доллар экспортга чиқариш мумкин. Шу боис Зомин туманида асаларичилик маркази ташкил қилиш, қути ва жиҳозлар ишлаб чиқариш, асални қадоқлаб, экспортга юбориш вазифалари белгиланди.
Янгиобод туманидаги лалми ерда оқ пиёз етиштириш, қуритиш, қадоқлаш ва музлатгичли омборхонани қамраб олган кластер ташкил қилиш таклифи қўллаб-қувватланди. Чорвачилик, балиқчилик ва иссиқхона хўжалиги учун қулайликлар ҳам айтиб ўтилди.
“Жанубий Мирзачўл” ва “Туятортар” каналларини бетонлаш, насослар ўрнатиш қишлоқ хўжалигидаги имкониятларни янада кенгайтиради. Мутасаддиларга бу борада уч йиллик дастурни амалга ошириш бўйича топшириқ берилди.
Саноат ривожи учун ҳам заҳирлар кўп. Масалан, хитойлик инвесторлар Жиззахда қурилиш материаллари, кимё, энергетика, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида 4 миллиард долларлик 22 та лойиҳа таклифини билдирган. Уларнинг натижасида саноат 12 триллион сўмга ўсади, 250 миллион доллар экспорт имконияти яратилади.
Бунинг учун Зомин туманида саноат технопарки ташкил этилиб, 1 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобига 50 та янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Зарбдор туманининг Шодлик маҳалласида “Жиззах” саноат зонаси филиали очилиб, 140 миллион долларлик 15 та йирик лойиҳа жойлаштирилади. Шароф Рашидов туманидаги бўш турган иншоотда саноат зонаси ташкил қилиниб, электротехника ва чарм саноати бўйича корхоналар ишга туширилади.
Сўнгги йилларда Жиззахда автомобилсозлик вужудга келди. Келгуси уч йилда 1 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан унинг қувватини яна 100 мингтага ошириб, 10 мингта иш ўрни очиш, маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Пахта-тўқимачилик тармоғида 220 миллион долларлик 29 та лойиҳа амалга оширилиши айтилди.
Электр жиҳозлари ишлаб чиқарувчи “Моно электрик” корхонаси касаначилик асосида кўзи ожиз инсонларни иш билан таъминлаш ташаббуси билан чиққан. Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, бу борада Жиззах тажрибасини йўлга қўйиш, шундай касаначилик лойиҳаларини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Айдар-Арнасой кўллари тизимида сайёҳлар учун шароит яратиш, 10 та маданий мерос масканида “туризм ҳалқаси” ташкил этиб, уларга элтувчи йўлларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда уй-жой ва маҳалла инфратузилмасини яхшилаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бу йил вилоятда 4 минг 500 хонадонли 118 та уй-жой қуриш режа қилинган.
Талаб юқори туманларда қўшимча уйлар қуриш, Жиззах шаҳридаги перенатал марказ ва кўприкларни таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Умуман, Жиззахда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, грантлар ажратиш учун қўшимча 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят ва туман ҳокимлари, вазирлар ахборот берди. Видеоалоқа орқали хориждаги элчилар ва туманлар жамоатчилиги билан мулоқот бўлди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Зарбдор туманидаги Лалмикор маҳалласида бўлди.
Бу ерда 3 минг 700 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Маҳалла обод қилинган, йўл четлари ва бўш майдонларга “Яшил макон” дастури доирасида кўчатлар экилган.
Маҳалла деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган. 668 та хонадоннинг барчасида томорқа бор. Шунингдек, аҳолига деҳқончилик қилиш учун 126 гектар ер ажратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 мартдаги қарорига асосан, томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солиш, бозорбоп маҳсулотлар етиштириш чоралари кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари шу борадаги ишларни кўздан кечирди.
Жумладан, маҳаллада резавор мевалар етиштириш бўйича ўқув майдони ташкил этилган. Бу ерда маймунжон, хўжағат, голубика кўчатлари ўстирилиб, томорқаларда экилади. Ҳосилга киргач, экспортчилар томонидан сотиб олинади.
Президентимиз томорқа эгаларига бу меваларни сифатли етиштириш илмини ўргатиш муҳимлигини таъкидлади. Бу лойиҳани кенгайтириш, аҳолининг харид қобилиятини ошириш учун томорқа эгалари билан банклар ўртасида ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Зомин туманидаги “Jizzax Organiс” чорвачилик кластери фаолияти билан танишди.
Умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган бу лойиҳа беш йил олдин ишга туширилган. Йирик мажмуада очиқ ва ёпиқ иншоотлар барпо этилган.
Биринчи босқичда Европа давлатлари ва АҚШдан “Ангус”, “Герефорд” наслли 4 минг бош қорамол, Австралиядан “Дорпер” зотли 2 минг бош наслли қўй келтирилган.
Мамлакатимизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари – гўшт ва сут мўл ҳамда арзон бўлишида мана шундай мажмуаларнинг аҳамияти катта. “Jizzax Organiс” кластери ўн минг бош қорамол, тўрт минг бош қўй етиштириш қувватига эга. Йилига беш минг тоннагача гўшт етиштирилади. Бу ерда 750 киши доимий ишлайди.
Корхонада барча иш жараёнлари рақамлаштирилган. Экин ерларининг 1 минг 300 гектарига сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Бу ишлар учун Австралия, Германия ва АҚШдан замонавий ускуналар келтирилган. Умуман, кластерда қиймати ўн миллион долларлик 200 га яқин техника бор. Яна бир муҳим жиҳати, бу ерда селекция ва генетик ишлар учун ҳам имкониятлар бор.
Озуқа етиштириш учун 12 минг гектар ер ажратилган. Охирги ўн йиллар мобайнида фойдаланилмаган ерларнинг унумдорлигини тиклаш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Бунинг учун органик ўғитлар бериш, алмашлаб экиш тадбирларига аҳамият қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарига кластернинг янги лойиҳа ва режалари ҳақида ахборот берилди.
Қайд этилганидек, 28 миллион доллар сармоя эвазига йилига 20 минг тонна сут ва 5 минг тонна гўштни қайта ишлаш кўзда тутилган. Яна 2 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш орқали озуқа етиштирилади.
Чорвачиликда насл масаласи долзарб аҳамиятга эга. Лекин аҳоли боқаётган чорванинг зотдорлиги 10 фоиз атрофида. Шунинг учун сунъий уруғлантиришни кенгайтириш, маҳаллий наслларни яхшилаш зарур.
Шуни ҳисобга олиб, кластер томонидан Зомин, Зарбдор ва Янгиободдаги 15 та маҳаллада “Ангус” зотли қорамолни кўпайтириб, сотиб олиш тизими йўлга қўйилади.
Банклар орқали маҳаллаларга бериладиган молиявий хизматлар тўпламида чорвачиликни ҳам назарда тутиш, озуқа емни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунинг билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдужалол ҚАЮМОВ,
ЎзА мухбирлари