Тошкентда Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган жангчи-фахрийлар, фахрий жангчи-аёллар, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳукумат вакиллари,  элчихоналар ва қўшни давлатлардан фахрий меҳмонлар иштирок этди.

Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси 1994 йилнинг 2 февраль куни ташкил этилган. Бирлашма Афғонистон ва бошқа чегараланган ҳудудларда Ватанимиз манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашган 65 мингга яқин жангчи-фахрийлар, уруш ногиронлари, ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш, соғлиғини тиклашда кўмак бериш, иш билан таъминлаш мақсадида янги иш ўринларини яратиш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида, ўз Ватанига, халқига содиқ, комил инсон этиб тарбиялаш бўйича ишлаб чиқилган Давлат дастурлари ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш борасида самарали фаолият юритмоқда.

Бирлашма  30 йил давомида шаклланиб, мамлакатимизнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари орасида ўз муносиб ўринига эга бўлди. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, шу билан бирга, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ёшлар иттифоқи, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Нуроний”,  “Маҳалла”, “Соғлом  авлод  учун”, “Сен ёлғиз эмассан” жамғармалари ва бошқа қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

Бирлашманинг  фаол  позицияси  нафақат  мамлакатимизда,  балки,  четэлларда ҳам эътироф  этилди. Ҳозирда у МДҲ ҳукумат раҳбарлари кенгаши қошидаги жангчи-байналмилалчилар ишлари  бўйича қўмитанинг мувофиқлаштирувчи кенгаши, «Боевое Братство» чегараланган урушлар ва ҳарбий можаролар фахрийлари халқаро иттифоқининг олий  кенгаши, «World Veterans Federation» (Париж) халқаро ветеранлар федерацияси  ҳамда БМТнинг  ЭКОСОС ташкилоти  аъзосидир.

Ўтган давр мобайнида жангчи-фахрийлар, уруш ногиронлари, ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш, соғлиғини тиклаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, санаторий-курортларда даволаниш ҳамда соғлиғини тиклаш учун жангчи-байналмилалчиларга, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига 600 дан ортиқ йўлланма олиш, ногиронларни протезлар билан таъминлаш учун кўмаклашилди, йигирмага яқин ногиронлар аравачаси ҳадя этилди.

Бирлашма ташкил этилиши билан унинг  ҳузурида “Бурч” деб номланган ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оналарининг қўмитаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йилда Ўзбекистон Республикасининг нодавлат таълим муассасалари тўғрисидаги низоми тасдиқлангандан сўнг, бирлашма раҳбарияти томонидан “TURON PATRIOT” нодавлат таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди.

Камола ЮСУПОВА,

Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА