Ғарбий Қозоғистон вилоятида сув тошқини сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Тегишли қарорни вилоят ҳокими Нариман Турегалиев имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон оммавий ахборот воситалари вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Aйтиш жоиз, ҳудудда мураккаб вазият юзага келган: Сирим, Теректин, Қоратўбин, Бурлин туманларида турар-жой биноларини сув босди.4 мингга яқин одам кўчирилди, уларнинг ярми болалар. Тошқин қурбонлари учун тезкор эвакуация маркази ташкил этилиб, зарур шароит яратилмоқда.
Aйни пайт Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати 5 вилоят сув тошқини зонасида қолаётгани, ҳокимликлар томонидан 20 марта маҳаллий миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилингани ҳақида ҳисобот берди. Оқтўбе, Ғарбий Қозоғистон ва Кустанай вилоятларида оғир вазият сақланиб турибди.
Табиий офат туфайли жами 15 786 киши, жумладан 6187 нафар бола қутқарилди ва эвакуация қилинди. Вақтинча жойлаштириш марказларида 4 113 фуқаро учун зарур шароит яратилган.
Тошқин фаол босқичга ўтмаган аҳоли манзилларида салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораси кучайтирилди. Бу мамлакатнинг 11 вилоятидаги 46 аҳоли пунктини сув оқимидан ҳимоя қилиш имконини берди. Афсуски, 5 ҳудудда 1 405 хусусий турар-жой биноси, 372 хонадон, 99 дала ҳовли, 10 та йирик иншоотни сув қоплаган.
– Бу йил илгари умуман қайд этилмаган ҳудудларда ҳам сув тошди, – деди Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов ҳукумат йиғилишида. – Шу муносабат билан халқдан ҳокимлик ва махсус хизматлар хабарига жиддий ёндашиш, масъулларни тинглаш, баъзи ноқулайликларни қабул қилишни сўрайман. Бу одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Икки кун аввал Президент Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида тошқинга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, ҳодиса оқибатини бартараф этиш бўйича Республика штаби йиғилиши ўтказилган эди.
– Вазият ҳар дам кескинлашиши мумкин, – деди йиғилишда давлат раҳбари. – Асосий вазифа инсонлар қурбон бўлишининг олдини олиш. Йўл қўйилган хато ва камчиликлардан хулоса чиқариш керак.
Г.Сатторова,
ЎзА