Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳайитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, бандликни таъминлаш, даромадларни ошириш, маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишмоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳ Беруний туманида бўлиб, мамлакатимиз Президенти раислигида ўтказилган йиғилишларда инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ижроси билан қизиқди.
Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарори билан тасдиқланган режа асосида тумандаги У.Жуманиёзов маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2022 йилда қайтадан ташкил этилган оилавий шифокорлик пунктининг авария ҳолатида бўлган эски биноси ўрнида намунавий лойиҳа асосида 2 қаватли янги бино қурилиши бошланган. Ушбу бино қурилиши учун давлат бюджетидан 3,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган бўлиб, 6 ой ичида битказиш режалаштирилган. Шунингдек, тумандаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 49-сонли умумтаълим мактаби лойиҳаси “Ташаббусли бюджет”да ғолиб бўлиб, 1 миллиард 78 миллион сўм ютиб олган. Ушбу маблағ ҳисобидан мактаб ҳудуди чегарасини металл конструкторлик тўсиқ билан ўраш, спорт майдончаси қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳар қандай ислоҳотнинг амалдаги ижроси аҳолининг ҳаёт фаровонлигини таъминлаш, яшаш қулайлигини оширишга қаратилган. Жаҳон банки кредит маблағлари ҳамда бюджет маблағи ҳисобига фойдаланишга топширилган “Бўстон” канали Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманлари аҳолисини сув билан таъминлашга хизмат қилади. Мамлакатимизда “яшил энергетика”ни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган имкониятлардан фойдаланган тадбиркор Р.Казаков томонидан “Тўқимачилик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 11 миллиард сўмлик лойиҳа асосида қуёш панелларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Беруний тумани ҳокимлигида мутасаддилар иштирокида муаммо ва таклифлар муҳокама қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири