Москвадаги қонли ҳужумнинг биринчи ҳафтаси якунида мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботига кўра, 143 нафардан ортиқ инсон вафот этган. Президент матбуот хизмати воқеадан кейин Путин “Крокус”га нима учун бормаганини тушунтирди. Айтилишича, ташриф режада бўлмаган, қолаверса, штаб ишига халал бериши мумкин экан.
Сўнгги маълумотга кўра, Тожикистонда мамлакат миллий хавфсизлик қўмитаси терактга алоқадор 9 кишини ҳибсга олди. Ҳужумни оқлаган, изоҳ ёзганларни ҳам қамаш бошланган. ИШИД фожиа учун жавобгарликни зиммасига олган, Кремль эса хуружда Киевнинг қўли борлигига ишонади. Қўшма Штатлар ва Украина буни кескин рад этмоқда.
РФда мигрантлар устидан назорат кучайтирилган. Тожикистон фуқаролари орасида Россияга учиб кетиш кўрсатгичи кескин тушиб кетиб, Россиядан қайтувчилар сони ошган.
Бу гал ҳам Ғазодаги хунрезлик ҳақида гапиришга мажбурмиз. Фаластинликларни ёруғлик томон элтувчи бирор йўл кўринмаётган бир пайтда халқаро ташкилотлар, давлатлар ҳамон муҳокамадан нарига ўтмаяпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 25 март куни Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюция қабул қилди. Овоз бериш жараёнида Қўшма Штатлар бетараф қолди. Ҳужжатда Исроиллик асирларни озод қилиш, Ғазога гуманитар ёрдамни кучайтириш ва Рамазон ойида ўт очишни тўхтатиш зарурлиги ифодаланган. Афсуски, муқаддас ойнинг ярмидан кўпи ўтиб бўлди.
ХАМАС янги шартини маълум қилди: қўшин тўлиқ чиқиб кетмагунча, асирлар гаровда ушлаб турилади.
– Раҳбарият шиддати майдондаги ҳолатдан кам бўлмаган муҳокама жангини ҳам давом эттиряпти, – деди ХАМАС гуруҳининг хориждаги ваколатхонаси раҳбари Холид Машал. – Худо хоҳласа, биз уларни жанг ва муҳокамада мағлуб этамиз.
Гаагадаги халқаро суд Исроилдан Ғазодаги очликни тугатишни талаб қилмоқда. Бу баёнот Исроилни геноцидда айблаган Жанубий Африка аризаси доирасида қабул қилинган.
Ушбу жараёндан кейин Нетаньяху ХАМАС билан янги музокарага тайёрлигини билдирди. Тез кунда Миср ва Қоҳирада муҳокама бошланади. Бу ҳақда “CNN” хабар берган.
“Washington Post” Пентагон ва Давлат департаментидаги манбаларга таяниб берган маълумотга кўра, АҚШ 2,5 мингга яқин турли хил бомба ва 25 қирувчи самалёт Исроилга жўнатилишини маъқуллаган. Ҳарбий пакет қиймати бир неча миллиард долларга тенг. Ғазо эса Ғарб давлатларини ҳаводан ёрдам жўнатишни тўхтатишга чақирди, чунки ёрдам пакетлари инсонлари босиб қолиб, ҳалок қилмоқда. Ёрдам қабул қилиб олишга чиққан ўнлаб одамлар денгизга чўкиб кетган.
Исроил мудофаа кучлари Ғазо билан чегарада хавфсиз буфер зонасини қурмоқда. Бунинг натижасида сектор шимолий ва жанубий қисмга бўлиниб қолади. Шунингдек, ҳудудда шарқдан ғарбга кесиб ўтувчи буфер чизиқ ва аҳолини назорат қилиш имконини берувчи йўлак қурила бошланди. Бу ҳақда Исроил матбуоти хабар берди.
Шу кунларда Киевда хавфсизлик чораси кучайтирилган. Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Россия зарбаларининг 97 фоизи аҳолига қаратилганини айтган.
“The Wall Street Journal” ёзишича, Украинадаги уруш Путинга ҳар куни 300 миллион долларга тушмоқда. Ушбу рақам санкция таъсири ва қуролланиш харажатига тааллуқли эмас. “РИА Новости” нашри 2022 йилдан бери хорижий компанияларнинг Россия бозорини тарк этишидан кўрилган йўқотиш 107 миллиард доллардан ошганини тахмин қилган. Украина дронларининг Россия нефть саноати обектларига ҳужуми туфайли бензин ва дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш қисқарди. Аввалроқ Қўшма Штатлар нефть нархи ошиб кетишидан қўрқиб, Украина ҳукуматини нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришни тўхтатишга чақирганди.
Владимир Зеленский “CBS” телеканалига берган интервьюсида рус қўшинлари баҳор охири ёки ёз бошига мўлжалланган жиддий ҳужумга тайёргарлик кўраётгани, бунинг учун кўпроқ ёрдам кераклигини айтган. АҚШдаги ички қарама-қаршилик туфайли ҳалигача Украинага ажратилган 60 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам тасдиқлангани йўқ.
Ғарб давлатларининг Киевга ёрдамини амалга ошириш ташаббуси бўйича етакчи ҳисобланган Макрон Украина тез орада қулаши мумкинлигини билдирди. Латвия Бош вазири айтишича, Франция Президентининг қўшин юбориш режаси пухта ўйланмаган.
Сардорбек Поёнов, Искандар Исматов (видео), ЎзА.