БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазо секторида “зудлик билан ўт очишни тўхтатиш”га чақирувчи резолюцияни қабул қилди, деб хабар берди “BBC News”.
Ҳужжат барча гаровга олинганларни дарҳол, шартсиз озод қилишни талаб этади. Резолюция мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Рамазон ойида “узоқ муддатли сулҳ” тузиш учун ҳарбий ҳаракатни тўхтатишга чақиради. Бу Исроил ва ХАМАС ўртасида уруш бошлангандан бери БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган илк шундай чақириқдир.
Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирувчи аввалги резолюцияларни рад қилган АҚШ бу сафар овоз бериш жараёнида бетараф қолди. Кенгашнинг доимий бўлмаган ўн аъзоси томонидан ёзилган ва қабул қилинган мазкур резолюция Мозамбик вакили томонидан киритилган. Ҳужжат учун Хавфсизлик Кенгашининг 14 аъзоси овоз берди. Жумладан, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция қўллаб-қувватлади.
–Ушбу резолюция амалга оширилиши керак, рад этишни кечириб бўлмайди, – деган БМТ раҳбари Антониу Гутерриш.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроил делегациясини АҚШга юбормасликка қарор қилган эди. Охирги маълумотга қараганда, ҳукумат бошлиғи Ғазодаги Рафоҳ шаҳрига эҳтимолий қуруқлик ҳужумини муҳокама қилиш учун Вашингтонга вакил юборишга рози бўлган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер маълум қилди.
Ушбу воқеалар асносида Давлат департаменти ходими Аннель Шелин Байден маъмурияти Исроил агрессиясини қўллаб-қувватлаётганига норозилик сифатида истеъфога чиқди. 38 ёшли Шелин Яқин Шарқ масаласи бўйича идоранинг ташқи ишлар бўлимида ишлаган. CNN сайтида эълон қилинган тегишли мактубида у “бундай ваҳшийликка йўл қўядиган маъмуриятга хизмат қила олмаслиги”ни билдирган.
БМТ Фаластин ҳудудидаги ҳуқуқ ҳолати бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе фаластинликларга қарши жиноятни геноцид, деб атади. У Исроил зўравонлиги ҳақидаги ҳисоботини “Геноцид анатомияси” дея номлаган. Дарвоқе, Исроилнинг БМТдаги вакили ушбу йиғилишда қатнашмаган.
Воқеаларни кузатарканмиз, Ғазодаги урушни тўхтатишга уриниш бесамар кетаётгандек кўринади. Барибир, урушни ёқловчи томонларнинг турли хил чиқишларига қарамасдан, инсонпарвар кучлар ҳаракати самара беришига умид бор. Дунё “Ғазода уруш тўхтади” деган гапни эшитиш истагида.
К. Бекжонов. УзА