Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида юртимиздаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган ижодкор аёллар ўртасида ўтказилган “Назм гулшани” ва “Қалам сеҳри” номли шеърлар, ҳикоя ва қиссалар ижодий танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид аёллар, шу жумладан ижодкор хотин-қизларни рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган танловга ижодий ишлар шу йилнинг 15 мартидан 25 мартигача қабул қилинди. Унда барча вилоятлар ва Қорақалпоғистондан ижодкор аёллар иштирок этди.

–Танлов жараёни жуда қизғин кечди, – деди шоира Фароғат Худойқулова. – Унга 2022-2024 йилларда китоб, газета, журналларда чоп этилган ва электрон шаклдаги 40 нафар муаллифнинг 70 дан ортиқ ижодий ишлари қабул қилинди ва ҳар бири ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаб олинди.

Ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг ижод намуналарида Ватанга садоқат туйғусини уйғотадиган асарлар билан бирга, миллий қадриятларимизни асрашда ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз фаолияти, юртпарварлик, инсонийлик мавзуларида ёзган шеърлари, ҳикоя ва қиссаларига холисона баҳо берди.

Ижодкорлар – Қутлибека Раҳимбоева, Рустам Мусурмон, Фароғат Худойқулова ғолибларни қутлаб, бу каби танлов, рағбатларнинг ижодий муҳитда ўрни катта эканини таъкидлади.

Биринчи ўринга Ойгул Суюндикова – республика матбуотида чоп этилган шеърлари учун, (Тошкент вилояти) муносиб топилди. Иккинчи ўрин Нилуфар Умаровага “Ҳаворанг насимлар” шеърий тўплами учун (Қашқадарё вилояти), учинчи ўрин Оралхан Сапаровага (Қорақалпоғистон Республикаси) “Тақдир сўқмоқлари”, “Қайдасан, Чинара?” қиссалар тўплами учун берилди.

Шунингдек, Кимёхон Расулова (Наманган), Мушарраф Хўжабекова (Самарқанд),  Муқаддас Абдусаматова (Тошкент), Манзура Валиева (Тошкент), Умида Ғаффорова (Тошкент), Дилафрўз Чориева (Тошкент), Зуҳра Исакова (Қорақалпоғистон Республикаси) матбуотда эълон қилинган туркум ижод намуналари учун рағбатлантирувчи мукофотга лойиқ топилди.

Тадбирда совриндорларга Ёзувчилар уюшмасининг диплом ва совғалари топширилди. Ижодкор аёлларнинг шеърлари тингланди.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА