Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда филиал директори А.Есимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Отемуратов сўзга чиқиб, барчани байрам билан самимий муборакбод этди.

Таъкидланганидек, халқимизнинг беғубор орзу-умидлари, эзгу истаклари, ҳис-туйғуларини тараннум этадиган ушбу улуғ айёмни ҳар йили муносиб тарзда нишонлаш анъанага айланмоқда. Наврўз ёшларни дўстликка, инсонийликка, меҳр-мурувватли бўлишга чорлайдиган байрам ҳисобланади. Тадбир филиалнинг иқтидорли ёшлари томонидан тайёрланган қизиқарли концерт дастури билан давом этди.

Урф-одат ва анъаналаримиз акс этган чиқишлар, миллий либослар кўргазмаси, бахши ва жировлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага бирдек хуш кайфият бағишлади. Иштирокчилар миллий таомлар кўргазмасини томоша қилди.

Шунингдек, талаба-ёшлар ўртасида миллий ўйинлар бўйича мусобақа ўтказилди.

Айниқса, ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ халқларининг урф-одатлари асосида “Келин салом”нинг жонли ижрода намойиш этилиши йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлди.

 

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири