Куни кеча Гамбург Cавдо палатасида “Соғлиқни сақлаш саноати учун малакали кадрлар: Марказий Осиёга эътибор” форуми ўтказилди.  Тадбирда мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Палатанинг “Шарқий Европа” ишчи гуруҳи раҳбари Мирко Новак Ўзбекистонга сармоя киритиш ёки юртимизда бизнес очиш истагини билдираётганлар сафи тобора кенгайиб бораётгани, мазкур иқтисодий тадбир Германия учун ҳам, Марказий Осиё давлатлари учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Анжуманда “CCH – Care Consultants Hamburg” ташкилоти вакили Томас Флотов ва “Alfa Personnel Care” агентлиги директори Торстен Майер Гамбург федерал ўлкаси соғлиқни сақлаш тизимидаги эҳтиёж, ҳудудга хорижий малакали кадрлар интеграциялашуви хусусида маъруза қилди. Немис мутахассислари ўзбекистонлик тиббий ходимлар малакаси Германияда ҳам тан олинаётгани, мутахассисларимиз касбий билимдан ташқари немис тилини ҳам пухта ўргангани, турли синов дастурларидан муваффақиятли ўтаётганини эътироф этди. Бугунги кунда диёримиздан борган ўнлаб тажрибали тиббиёт ходимлари мамлакатда самарали фаолият юритаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон элчилари эса малакали кадрларини олмон юртига жалб қилиш имконияти хусусида сўз юритишди.

Давлатимизнинг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов, фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам тўхталди.

– Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан кейинги йилларда ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ ҳолат кескин ижобий томонга ўзгарди, – деди дипломат. – Эндиликда хорижда ишлаш истагидаги фуқароларимизга кўплаб имконият, имтиёзлар яратилмоқда. Изчил ислоҳотлар туфайли Германияга ишлаш учун келаётган тиббий ходимларни дастлаб немис тилига ўқитиш, касбий малакасини тасдиқловчи халқаро сертификат билан таъминлаш, молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, хориждан қайтиб келгандан кейин уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари ҳам давлат томонидан алоҳида эътибор ва назоратга олинган.

Гамбург Савдо палатаси бошқарувчи директори Анна Мариа Ҳайденрайх модераторлигида очиқ мулоқот тарзида ўтказилган “давра суҳбати” қизғин мунозарага бой кечди. Томонлар соҳага тегишли масалалар юзасидан батафсил маълумот алмашдилар.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади.

ЎзА