Юз ёшни қаршилаган отахондан хабар олинди
Юртимиз бўйлаб Наврўз шодиёналари давом этаётган шукуҳли кунларда нуронийлар ҳолидан хабар олиш азалдан келаётган миллий қадриятларимиздандир.
Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, хизмат бурчини бажариш чоғида ногирон бўлиб қолган ҳарбийлар ҳамиша давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигида.
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани ҳокими Р.Шамуратов бу йил юз ёшни қаршилаган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иван Федотович Галенко ҳолидан хабар олиб, фахрий отахонни Наврўз айёми билан табриклади.
Байрам муносабати билан отахон моддий рағбатлантирилди ҳамда дори-дармонлар олиши учун унга махсус сертификат топширилди.
Перинатал маркази фойдаланишга топширилди
Байрам шодиёналари давом этаётган айни дамларда Беруний туманида туманлараро Перинатал марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлиги билан ижтимоий ва инфратузилма объектларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу каби ишларнинг давоми сифатида Беруний туманида жорий йилда 86 объектда 154,2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Қурилиш ишлари доирасида Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманлари аҳолисига хизмат қилувчи туманлараро Перинатал маркази биносида 7 миллиард сўмлик реконструкция ишлари бажарилди. Марказда юз нафарга яқин туғиш ёшидаги аёлга, оналар ва болаларга барча қулай шароит яратилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Аҳоли осойишталиги таъминланмоқда
Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари давомида жамоат тартибини ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан кучайтирилган тартибда хизмат олиб борилмоқда.
Ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган вазирликнинг 102 рўйхатга олиш маркази ходимлари томонидан 24 соат давомида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ҳар қандай жиноят ва қонунбузарликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Тизимнинг фаолияти учун энг сўнгги инновацион техника ва технологиялар жорий қилиниб, бунда алоқа воситаларидан тортиб, ҳудудларни назорат қилиш учун махсус кузатув камераларигача мана шу жойда назоратга олинади. Навбатчи операторлар томонидан аҳоли мурожаатлари доимий қабул қилиниб, уларга ўз вақтида жавоб қайтарилади. Бу эса республика ҳудудида криминоген вазиятларнинг барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири