Нукус шаҳридаги “Дўстлик” канали бўйидаги байрамона безатилган майдонда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида театрлаштирилган адабий-мусиқий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирокчилар ва меҳмонларни Наврўзи олам билан муборакбод этди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида жорий йилги байрам мамлакатимизда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ нишонланмоқда. Дарҳақиқат, азалдан бизга мерос бўлиб келаётган Наврўз байрами бугун барча юртдошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланди. Чунки меҳр-муҳаббат, саховат ва мурувват, бунёдкорлик ва олийжаноблик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар энг қадимий байрамимиз бўлган Наврўз тимсолида асрлар давомида улуғланиб, сайқал топиб келмоқда.
Эртанги кунга катта мақсадлар билан қадам ташлаётган халқимизнинг фидойилиги ва бунёдкорлиги, мамлакатимизда энг катта бойлик ҳисобланган тинчлик-осойишталик туйғулари, миллатлараро дўстлик алоқалари, инсон ҳаётининг табиат билан узвий боғлиқлиги – буларнинг барчаси жойларда ўтказилаётган халқ сайилларида ўз ифодасини топмоқда.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” ўзида кенг кўламли бунёдкорлик ишларини жамлаши билан ажралиб, барча халқимизнинг, шу жумладан, ёшларимизнинг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Байрам давомида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри, “Айқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли, Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими, “Мақом” ансамбли, шаҳар ва туман маданият бўлимлари артистлари ҳамда раққосалари, олий ўқув юртлари талабалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди. Турли миллат вакиллари ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга файз бағишлади. Байрам тадбирлари доирасида турли спорт мусобақалари ҳамда миллий кийимлар, ҳунармандлар маҳсулотлари ва рассомлар кўргазмалари ташкил этилди.
–Мамлакатимизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Амангул Жумашова. – Байрам тадбирида Туркман миллий-маданий маркази вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўзга бағишланган байрам тадбирлари Оролбўйининг барча туманларида давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА