Россия Федерацияси Тергов қўмитаси (ТҚ) сўнгги хабарига кўра, Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл” мажмуасида содир этилган отишма ва ёнғин қурбонлари 137 кишини ташкил этмоқда.
– Ҳозиргача террор ҳаракати амалга оширилган объектда 137 инсоннинг жонсиз танаси топилди, уларнинг 3 нафари болалар, – дейилган идора ҳисоботида. – Жиноят жойини кўздан кечириш давом этяпти. Айни чоғ 62 нафар марҳумнинг шахси аниқланди. Қолган жасадларни ҳам таниш мақсадида генетик экспертиза олиб бориляпти.
Москва вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, жабрланганлар 180 нафар. Шифохонага жойлаштирилган 142 ярадор орасидан 32 киши соғайиб чиқди. Бундан ташқари 9 беморга кундузги стационар, 38 кишига амбулатория усулида ёрдам кўрсатилмоқда.
ТҚ мазкур террор хуружини уюштиришда гумонланиб қўлга туширилган 4 нафар шахс терговга жалб қилингани, улар қўмита марказий аппарати биносига олиб келинганини билдирди. Тез орада жангариларни ҳибсга олиш чораси кўрилиши қўшимча қилинган.
Ҳодиса жойида тўрт тўплам жанговар амуниция, 2 та Калашников автомати, 500 дан зиёд ўқ ва 28 ўқдон топилган.
Брянск вилоятида ушлаш чоғида эҳтимолий жиноятчиларга тегишли “Рено” русумли автомобилдан Макаров пистолети ва Калашников автомати ўқдони мусодара этилган.
Президент Владимир Путин 24 мартни миллий мотам куни, деб эълон қилди. ТҚ террор ҳаракати тўғрисида жиноят иши очди.
Давлат раҳбари мамлакат фуқароларига мурожаатида Россия шунчаки чуқур ва мақсадли тайёргарлик кўрилган террор хуружи эмас, балки ташкиллаштирилган фожиага дуч келганини таъкидлади. Президент ушбу жиноятнинг барча ижрочилари, ташкилотчилари ва буюртмачилари албатта ҳаққоний жазосини олишларини урғулади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА