Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро аксил допинг ташкилотининг 2024 йилги тадбирларига бағишланган йиллик симпозиумида допингга қарши глобал курашдаги саъй-ҳаракат ва меҳнат эътироф этилди.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах WАDА томонидан таъсис этилган “Play True Awards” мукофотига лойиқ кўрилди.

“Бир мақсад, бир жамоа” шиори остида ўтган анжуман истеъмоли тақиқланган моддалар бўйича жаҳон ҳамжамиятининг 1100 нафардан зиёд делегатини бирлаштирди.

“Play True Awards” мукофоти Бахдан ташқари Оқ уйнинг Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий сиёсати директори Раҳул Гупта ва WАDА асосчиси Ричард Поундга ҳам насиб этди.

Эслатиб ўтамиз, Лозаннада ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Содиқов ва Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти, ҳамюртимиз Зиёвуддин Ҳожиниёзов иштирок этди.

Т. Рўзиев,

ЎзА