Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель таъкидлашича, келгуси бир неча ой Украина масаласида ҳал қилувчи палла бўлади.
– Айнан шу баҳор, шу ёз, куз арафаси… келгуси ойлар Украина учун ҳал қилувчи давр, – деди Боррель журналистларга.
“Франс Пресс” ёзишича, Европа дипломатияси раҳбари таҳлилчиларга таяниб, ёзда Россиянинг жиддий ҳужуми кутилаётганини айтган.
– Украина АҚШ президенти сайлови натижасини кутиб тура олмайди, –таъкидлаган у Вашингтонга сафари чоғида. – Россиянинг муваффақияти АҚШ ва Вашингтон ҳамда Европа атрофидаги иттифоқ тизими учун жиддий салбий оқибатни келтириб чиқаради. Ҳеч бир мамлакат, низо чиқса, АҚШнинг иттифоқчилик ёрдамига суяна олмайди.
Конгресс Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этган республикачилар қаршилиги туфайли Президент Жо Байденнинг Киев учун сўраган 60 миллиард доллар ҳамон тасдиқлангани йўқ. Аввал ажратилган маблағ ўтган йил декабрда тугаган.