Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, унинг ҳудудий бўлимлари давлат ижрочилари томонидан ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкларни электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали реализация қилиш учун электрон буюртмаларни бериш ишлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Жумладан, шу кунга қадар электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали жами 1 триллион сўмлик 2 минг 762 та мол-мулк бўйича буюртма берилган бўлиб, шундан 133,8 миллиард сўмлик 891 та мол-мулк аукцион савдоларда сотилди. Шу жумладан, жорий йилнинг икки ойи давомида Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туман бўлимлари томонидан ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида 46 миллиард 612 миллион сўмлик 103 та кўчмас мулк, махсус техника ва автотранспорт воситаси электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган.

Масалан, Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувида бўлган Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 22 июндаги қарорига асосан қарздор “Tранс континентал машинери” ва “Альфа транс Нукус” масъулияти чекланган жамиятларидан “Турон банк” акциядорлик тижорат банки фойдасига  2 миллиард 355 миллион сўм ундириш белгиланган.

Ушбу ижро ҳужжати ижросини таъминлаш  мақсадида қарздорга 15  кунлик ихтиёрий муддат берилган. Қарздорга тегишли бўлган қиймати 3 миллиард 964 миллион сўмлик 8 та автотранспорт воситаси бўлим давлат ижрочиси томонидан тегишли тартибда хатловга олинган. Шунга қарамасдан, қарздор томонидан ижро ҳужжати талаби ихтиёрий равишда бажарилмаганлиги сабабли, хатланган автотранспорт воситалари электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилган бўлиб, ундан тушган пул маблағлари банк ташкилоти фойдасига ўтказилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири