Мамлакатимизда йўл хўжалигини бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш ва рақамлаштириш, соҳада сифат назоратини кучайтириш хусусий сектор корхоналарини кенг жалб қилиш учун шароит яратиш ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Соҳага қаратилаётган катта эътибор натижасида ҳудудимизда автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси директори Шавкат Даулетяров. – Жумладан, ўтган йили бош бошқарма тасарруфидаги умумий фойдаланишдаги 288,5 километр узунликдаги йўл ва 492,3 погонометр узунликдаги кўприкда 310 миллиард 556,8 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.. А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 753-765 километрида ҳамда 4Р-176 “Нукус-Чимбой-Тахтакўпир” автомобиль йўлининг 58-63 километрида жами 9 километр йўл фойдаланишга топширилди. Республикадаги 4 та кўприкда 8 миллиард 520,1 миллион сўмлик, 8 километр узунликдаги 3 та иншоотда 13 миллиард 385,1 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Мамлакатимиз инфратузилмасини ривожлантириш дастурига ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган дастурларга киритилган, шунингдек, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари асосида молиялаштириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳалар объектларининг бош лойиҳа-қидирув ва бош қурилиш-пудрат ташкилотлари Қурилиш вазирлигининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида инсон омилисиз ўтказиладиган электрон тендер (танлов) савдолари орқали аниқланмоқда. Шу асосда ҳозир Нукус туманида 1 та, Амударё туманида 5 та иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳудуддаги автомобиль йўллари тармоғини сақлаш ва автомобиль транспортининг хавфсиз ҳаракатланишини, жумладан, автомобиль йўлларида катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланишини таъминлаш, автомобиль йўлларининг таъмирлаш муддатигача бузилишининг олдини олиш мақсадида бугунги кунда транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш бўйича 2 та пункт фойдаланишга топширилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири