Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги “Қонликўл” шаҳарча фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилиб келаётган Сасанем Қурбаниязова яқинда ўзининг юзинчи баҳори билан юзма-юз бўлди.
Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор” деган мақол бежизга айтилмаган, чунки кексалари бор уйда қут-барака, тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик бўлиши ҳам шундан. Айниқса, кекса авлод вакиллари, юз билан юзлашган нуронийлар дуосини олиш халқимизнинг ибратли фазилатлардан ҳисобланади.
Ҳаёти давомида турли қийинчиликларни бошидан ўтказган Сасанем момо фарзандлари, келинлари, набира, эвара, чеваралари даврасида, инсон қадри юксак қадрланган юртда мана шундай дориламон кунларга етказганига шукрона айтиб яшамоқда. Ҳар йили хотин-қизлар байрами момога қўшалоқ байрам бўлиб келади. Бу йил эса янаям ўзгача бўлди.Чунки момо 7 март куни юзинчи баҳорини нишонлади.
Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, туман ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими вакиллари онахон хонадонига ташриф буюриб, байрам ҳамда муборак ёши билан қутлади. Унга юртимиз равнақи йўлидаги меҳнати, ёш авлодни Ватанга садоқат, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдаги хизмати учун “Ардоқли нуроний” кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ўз навбатида, онахон дуога қўл очар экан, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрлик ва эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, юртимизга тинчлик, халқимизга соғлик-омонлик тилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири