Англиянинг Кэмбриж университетида намойиш этилган тарихий расмга ҳужум уюштирилди. Тарихга “Балфур декларацияси” номи билан кирган матнга имзо чеккан лорд Артур Жеймс Балфур портрети йўқ қилинди. “Фаластин ҳаракати” гуруҳига алоқадор фаол аввал расмни қизил рангга бўяган, кейин пичоқ билан кесиб ташлаган.
Буюк Британия собиқ Бош вазири лорд Балфур 1917 йил яҳудийлар Фаластинда давлат қуришига олиб келган декларацияни имзолаган шахс ҳисобланади. Бу ҳақда Туркиянинг “Акsам газетеси” хабар берди.
“Фаластин ҳаракати” гуруҳи Британия 1917 йилдан бери фаластинликларни этник тозалаш сиёсатини қўллаб-қувватлаб келаётганини даъво қилиб, шу сабабдан чора кўрилганини маълум қилган.
Буюк Британия Бош вазири ўринбосари Оливер Доуден журналистларга берган интервьюсида “Мен ноҳақ вандализмнинг бемаъни ҳаракатидан даҳшатга тушдим” деди ва бу иш шундай қолдирилмаслиги, айбдорлар қонун олдида жавоб беришини таъкидлади.