Бугун Калкутта шаҳрида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди иштирокида мамлакатдаги илк сув ости метросининг очилиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда “India Today” нашри хабар тарқатди.
Янгидан бунёд этилган метро темир йўли хизматларига Калкуттанинг “Кави Субҳаш”, “Мажерҳат” ва “Эспланаде” бекатлари киради.
Сув ости метроси “Ҳовраҳ-Майдан-Эспланаде” йўналишларининг бир қисми бўлиб, Хугли дарёси остидаги 520 метрлик масофани атиги 45 сонияда босиб ўтиши кутилмоқда.
Маросимдан сўнг Бош вазир бир нечта мактаб ўқувчилари билан сув ости метросида бўлди.
— Очилиш маросими бугун бўлиб ўтганига қарамай, йўловчиларга хизмат кўрсатиш кечроқ бошланади, -деди Шарқий темир йўлнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича Бош директори Каушик Митра.
2023 йил апрель ойида Калкутта метроси синовлар пайтида сув ости туннелидан поездни ўтказиб, Ҳиндистон тарихига кирган эди.