Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев шаҳар ва туманлардаги ҳоким ёрдамчилари билан учрашди. Тадбирда ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва галдаги вазифалар бўйича мулоқот қилинди.

Таъкидланганидек, 2023 йил давомида ҳоким ёрдамчилари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Лекин айрим жойлардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан ўз ишига лоқайдлик билан қараш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Учрашувда ўз вазифасини бажаришда камчиликларга йўл қўйган қатор ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти танқид қилинди. Шунинг билан бирга, халқимизнинг бугунги турмушидан розилигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини ишга тушириш, янги иш ўринларини яратиш ва бошқа йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Учрашув якунида ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган, иш ўринлари яратилишида кўмакдош бўлган ҳоким ёрдамчиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири