Дунёда комлекс спорт ўйинлари қамрови йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Улар орасида жорий йилдан ўтказилиши йўлга қўйилган “Келажак ўйинлари” алоҳида ўрин тутади.
Хўш, “Келажак ўйинлари” қандай мусобақа? Унинг бошқа мусобақалардан, Олимпия ва Осиё ўйинларидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? Қонун-қоидаси қайси тамойиллар асосига қурилган?
Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида тарихда илк бор ташкил этилган “Келажак ўйинлари”нинг ўзига хос беллашувлари, унинг муҳим жиҳатлари кенг жамоатчиликка намойиш этилди.
– Кейинги пайтларда коммуникация тизимларининг ривожланиши, компьютер технологиялари жамиятнинг барча бўғинларига кенг жорий этилиши спорт соҳасига ҳам янгича форматларни кириб келишига сабаб бўлмоқда. Жисмоний ва рақамли тартибда ўтадиган мусобақалар спорт ва компьютер технологияларининг битта маконда бирлаштириш орқали инсоннинг ҳам ақлий, ҳам жисмоний салоҳиятини бир бутунликда баҳолаш мезонларини яратиши билан кўпнинг эътиборини тортмоқда. Шу маънода, ушбу ўйинлар келажак мусобақалари ҳисобланади. Бошқача айтганда, “Келажак ўйинлари” спортнинг анъанавий турлари ва уларнинг рақамли муқобилларида ўтказиладиган юқори технологик мусобақа, – дейди Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Миржамол Юнусов.
Давлатимиз раҳбари Қозон шаҳрида “Келажак ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, янги форматдаги мультикомплекс ўйинлар дунё спортида ўзгача руҳиятга эга эканлигини таъкидлаб, 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Қозонда поёнига етган виртуал макондаги дастлабки “фижитал-спорт” баҳсларида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан 2 мингга яқин спортчилар қатори мамлакатимиз вакиллари ҳам баҳсларда ўз омадларини синовдан ўтказди.
Жисмоний ва рақамли мусобақаларни бирлаштирган янги форматдаги ўйинлар 21 та инновацион йўналишларда ўтказилди.
Ўйинларнинг виртуал велоспорт, спорт дастурлаши, фижитал-хоккей ва фижитал-пойга йўналишларида қатнашган спортчиларимиз орасида фижитал-хоккейчиларимиз 5-ўринни, виртуал велосипед пойгасида “Tashkent sity“ жамоаси аъзолари Асал Ризаева, Екатерина Кнебелева, Давиржон Абдураҳмонов, Данил Фёдоров 79 очко жамғариб, 12-ўринни эгаллади.
Шунингдек, 50 та дастурчи қатнашган спорт дастурлашнинг икки кунлик мусобақасида ҳамюртимиз Бобошер Мусурмонов 946 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Фижитал авто пойгаларида эса ҳамюртимиз Исмоил Ахмедходжаев ва испаниялик Роберто Мерхи жуфтлиги “Келажак ўйинлари”да 2-ўринни эгаллади.
Т. Рўзиев, ЎзА