Европа ва Марказий Осиё халқлари ўртасидаги ҳамкорлик тарихи бир неча аср нарига бориб тақалади. Айниқса, қадимий Буюк Ипак йўли алоқалар жадаллашига хизмат қилган. Бугун ҳам Марказий Осиё давлатларининг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлиги икки ва кўп томонлама муносабат доирасида мустаҳкамланиб бормоқда.

Эътиборли жиҳати, Марказий Осиё Европанинг етакчи компания ва банклари учун жозибадорлик маркази ва янги иқтисодий имконият маконига айланмоқда. Бу замонавий саноат қувватларини яратиш, “яшил” энергетикани жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ривожланган транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган кенг сармоявий ва технологик ҳамкорлик мисолида яққол кўзга ташланади. Хусусан, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш миқдори “GSP+” тартиби туфайли барқарор ўсиб бормоқда.

“Дипломатик ракурс” лойиҳасининг бу галги сонида Европа ва Марказий Осиёда минтақалараро шериклик имконияти ва айни жараёнда мамлакатимизнинг ўрни, шунингдек ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи хусусида сиёсатшунос, Жаҳон иқтисодиёт ва дипломатия университети ўқитувчиси Қаҳрамон Далимов билан таҳлил қиламиз.

– Қаҳрамон ака, айтингчи, Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақалараро шериклик бугун қанчалик долзарб?

– Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик бугунги кунда бир неча сабабга кўра долзарб.

Биринчидан, Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли жараённи илгари суриш муҳим. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, глобал ва минтақавий вазият кескин ўзгарди, бугунги кунда Европа ҳамкорлари томонидан Марказий Осиёдаги интеграция жараёнини янада фаол қўллаб-қувватлашни талаб қилмоқда.

Иккинчидан, минтақавий ҳамкорлик энергия, атроф-муҳит, иқлим, сув ресурсларини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, жумладан, таълим ва тадқиқот сифатини ошириш имконияти, айниқса, минтақавий хавфсизлик масаласи алоҳида аҳамиятга эга.

Бу йўналишда ЕИнинг Aфғонистондаги вазият туфайли бугунги кунда мураккаблашган терроризм, радикализм ва диний экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва бошқа умумий муаммоларга қарши курашиш бўйича қўшма дастурлари доирасида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Булар Марказий Осиё ва ЕИ ўртасидаги минтақамиз учун жуда муҳим бўлган ҳамкорликнинг баъзи жиҳатлари, холос.

– Ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз?

– Марказий Осиё қулай геосиёсий мавқега эга бўлган дунёнинг энг жадал ривожланаётган минтақаларидан бири. Глобал иқтисодий жараёндаги роли ошиб бораётгани сабабли, минтақамизга йирик давлатларнинг қизиқиши ортмоқда. Европа Иттифоқи ҳали, Хитой, Россия ва Америка Қўшма Штатларидан фарқли ўлароқ, Марказий Осиёнинг асосий шериги эмас.

Минтақанинг алоҳида аҳамияти ташқи савдо миқдори ўсиши суръатида ҳам акс этмоқда. Хитой бу борада етакчи: 2022 йил 2021 йилга нисбатан Марказий Осиё билан товар айирбошлашни қарийб икки баробар ошириб, 70 миллиард долларга етказди. ЕИ ҳам шундай ижобий ўзгариш намойиш этмоқда – айни даврда Марказий Осиё билан савдо айланмаси 27 миллиард доллардан 47 миллиард долларга чиқди.

Туркия, Япония, Жанубий Корея ва айрим араб давлатлари ҳам минтақада Европа Иттифоқи билан рақобатлашиши мумкин.

Марказий Осиё ҳеч қачон ЕИ ҳаётий манфаати соҳасида ёки ташқи сиёсат кун тартиби марказида бўлмаган: илк бор “Европа Иттифоқи хавфсизлик стратегияси” расмий ҳужжатида фақат 2003 йил пайдо бўлган.

Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун биринчи навбатда географик жойлашуви билан муҳим. Қулай, геостратегик жойлашувга эга минтақамизда энергия ресурсларининг улкан заҳираси, бозорга кириш борасида юксак салоҳияти мавжуд.

Марказий Осиё экспертлар ҳамжамияти ҳамкорликнинг бир неча муаммоли йўналишлари, жумладан, ЕИ минтақанинг умумий хусусиятини етарли даражада билмаслиги ва ҳисобга олмаслиги, ЕИнинг бошқа ташқи субъектлар – Россия, Хитой, Ҳиндистон билан тўлиқ мулоқоти йўқлиги ёки қоидаларга мос келмаслиги – муносабатнинг ҳуқуқий ва шартномавий асоси ва бошқа жиҳатларни таъкидламоқда.

Бугунги кунда минтақаларимиз ўртасида яқинлашув кузатилмоқда. Жорий йил апрель ойида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган ЕИ ва Марказий Осиёнинг беш давлатининг биринчи расмий саммити ана шу яқинлашув инъикосидир. Истиқболли режалар Брюсселда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича сармоявий форуми ёпилиш маросимида расман эълон қилиниши Европада икки минтақанинг мисли кўрилмаган яқинлашуви, дея баҳоланганига яна бир далил. 2022 йил бошидан буён Марказий Осиё давлатлари ва ЕИ ўртасидаги алоқа янада кучайди.

Бу давлат ва ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг ўзаро ташрифлари сони ортиб бораётганида яққол кўзга ташланади. Шу муносабат билан Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррелль шундай таъкидлади:

– Биз (ЕИ) алоқани ривожлантиришга етарли эътибор бермаган бўлишимиз мумкин. Икки минтақа биргаликда бу камчиликни тузатишга аҳд қилдик.

Шу боис Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги иштироки барча соҳаларда фаоллашишидан умидвормиз.

– Ҳудудлараро алоқани мустаҳкамлаш йўлидаги сайъ-ҳаракатларни қандай баҳолайсиз? Эҳтимол, бу борада муайян тўсиқлар бордир?..

– Фикримча, Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг беш давлати билан муносабатдаги хилма-хиллик ва ўсиш суръатининг ўзига хослигини кўпроқ ҳисобга олиши, минтақадаги бошқа ташқи ҳамкорлар ва лойиҳалар мавжудлиги ва аҳамиятини тан олиши зарур.

Мана шу икки омил ЕИ стратегиясини Марказий Осиёда муваффақиятли амалга ошириш йўлида жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.

– Минтақалараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболи қандай?

– Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабат ҳам минтақавий барқарорлик, ҳам иқтисодий тараққиёт учун муҳим аҳамиятга эга.

ЕИ ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақада барқарорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтириш истагини билдиради. Тузилманинг асосий ташаббусларидан бири – иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, демократия ва инсон ҳуқуқини мустаҳкамлаш, шунингдек, барқарор ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган 2019-2025 йиллар оралиғидаги даврга мўлжалланган ЕИ – МО ҳаракат режасидир.

Узоқ муддатли истиқболда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабат ривожланиши нафақат иқтисодий тараққиёт ва турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки бутун минтақада барқарорлик ва хавфсизликни ошириш учун шарт-шароит яратишга ҳам хизмат қилади. Иқлим ўзгариши, трансмиллий терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш каби умумий муаммоларни ҳал этишда Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва мулоқот муҳим аҳамиятга эга.

ЕИ транспорт йўналишлари, энергия ва қимматбаҳо металл каби ресурслар етказиб берувчиларни диверсификация қилишдан манфаатдор. Марказий Осиё давлатлари эса, ўз навбатида, иқтисодий аҳволини яхшилаш учун Европа Иттифоқидан сармоя жалб этишдан манфаатдор. Шу ва бошқа кўплаб омиллар ўзаро муносабат истиқболи узоқ муддатли стратегик хусусиятга эгалигидан далолат.

– Бу жараёнда Ўзбекистон қандай ўрин эгаллайди?

– Ўзбекистон раҳбарияти саъй-ҳаракати натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланди. Бир неча йил ичида ўнлаб йиллар давомида тўпланиб келган, ечимига, деярли, ҳеч ким ишонмаган кўплаб муаммолар ҳал қилинди.

Бугун вазият кескин ўзгарди. Ўзбекистон Президенти минтақа давлатлари барқарорлиги ва фаровонлиги йўлида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматида очиқ, тизимли ва самарали мулоқот ўрнатиш ташаббуси билан чиқди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон – кўп миллатли халқимиз учун эркин, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборат давлат қуриш сиёсати туфайли ҳам Европа Иттифоқи, ҳам алоҳида давлатлар билан алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, динамик ривожланишнинг янги даражасига эришилди.

Ўткир Алимов суҳбатлашди.

ЎзА