Баҳор фаслининг бошланишига саноқли кунлар қолишига қарамасдан Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Тозабўзёп” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги файзли хонадонларнинг бирида баҳор таоми бўлган сумалак пиширилди.
Сумалак бежизга баҳорда пиширилмайди. Ноёб таом ҳорғин танамизни тетиклаштиради, витаминларга бойлиги, кони фойдалиги сабаб қиш фаслидан чиқишимиз билан уни соғиниб истеъмол қиламиз. Шунинг учун ҳам у борган сари халқ ўртасида кенг тарқалиб, баҳорнинг энг лаззатли таомига айланмоқда.
Азалдан сумалак сайли кишиларда бирдамлик, аҳиллик ҳиссини тарбиялаб келган. Эрта баҳорда қўни-қўшнилар бир қозонда тайёрланган овқатни биргаликда баҳам кўрган.
Миллий таомларимиз-у, миллий урф-одат ва қадриятларимизни келажак авлод онгига сингдириш, уларда муҳаббат уйғотиш, аждодлар меросига ҳурматни шакллантириш мақсадида бир гуруҳ ёшлар ҳам жалб қилинди. Ўқувчи ёшларга сумалакнинг униб чиқишидан то дастурхонга тортилишигача бўлган жараёнлар тўғрисида маҳалланинг оқила аёллари ва нуроний онахонлар томонидан тушунча берилди.
Жорий йилнинг илк сумалак сайли ўйин-кулгиларга бой, юқори кайфиятда ўтди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири