Украина Президенти Владимир Зеленский Киевдаги форумда Россия билан низо авж олгандан кейин 31 минг украиналик аскар вафот этганини очиқлади. Шунингдек, 10 мингдан зиёд бегуноҳ аҳоли ҳалок бўлган.
Россия ҳам қурбонлар бўйича бир неча расмий рақам келтирган. “Медиазона” мустақил ахборот агентлиги ёзишича, 2022-2023 йилларда 75 мингга яқин россиялик ҳарбий ҳаётдан кўз юмган.
Ўтган йил декабрь ойи ўрталарида АҚШ разведка хизмати эълон қилган ҳисоботда Украинада 315 минг россиялик аскар ҳалок бўлгани ёки яралангани келтирилганди. Ушбу рақам Россиянинг рўйхатга олинган 360 мингга яқин аскарига нисбатан 87 фоизни ташкил қилади.
Украина мудофаа вазири Рустем Умеров таъкидлашича, Киев Москвага қарши жангни давом эттираркан, қурол-яроқ етказиш кечиктирилиши инсонлар ҳаётига зомин бўлади. Мулозим Европадан март ойигача 1 миллиондан ортиқ артиллерия снаряди юборилиши режаси, ҳеч бўлмаса, йил охиригача якунланишига умид қилмоқда. АҚШ Конгрессидаги сиёсий қарама-қаршилик туфайли 60 миллиард долларлик ёрдам вақтинча музлатилиши ҳам Киевни заифлаштирди. Президент ва мудофаа вазири айтишича, душман кучларига қарши чиқиш учун янги режа тузилган.