Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) хабарига кўра, “Саудия медиа форуми-2024” доирасида хотин-қизларнинг медиа саноатидаги роли ва соҳада инсоний қадриятларни мустаҳкамлаш мавзулари муҳокама қилинди.

“Аёл журналистлар тинчлик ва инклюзивлик учун медиа тарихини шакллантирмоқда” номли сессияда “Ар-Риёд” газетаси аёллар бўлими бошқарувчи муҳаррири Навол Ал-Жабр, “Ал-Арабия” канали бошловчиси Кристина Бисри, журналист ва медиа стратег Евгения Абу ва яна бир неча ижодкор иштирок этди.

Экспертлар адолат ва тенгликка асосланган янги, цивилизациялашган маданиятни барпо этишда шахс ва жамият ўртасидаги мулоқотнинг аҳамияти, тинчлик ва бағрикенглик маданиятини тарғиб этишда аёлларнинг муҳим ўрни, муаммо ва ҳодисани ёритишда хотин-қизларнинг алоҳида ролини қайд этдилар.

Мулоқот давомида аёлларнинг медиа-коммуникация технологияларини тарқатишга ҳиссаси, рақамли медиа маданиятини шакллантиришга таъсири, медиа макони ва бизнесни ўзгартириш билан боғлиқ замонавий жараён ва тенденция, замонавий медиа маконида ахлоқий меъёрлар, хотин-қизлар ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни илгари суришига оид оммавий ахборот воситаларидаги муваффақиятли тажриба каби мавзулар ҳам таҳлил қилинди.

Сўнгги йилларда хотин-қизлар сиёсат, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа турли муҳим масалалари бўйича жамоатчилик фикрини шакллантиришда фаол иштирок этаётгани, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик лойиҳаларида етакчиликни қўлга олаётгани таъкидланди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА