Руминияда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Dracula“ очиқ турнирида терма жамоамиз аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда.
Мусобақанинг ёшлар тоифасидаги беллашувларида вазни -57 кг бўлган Самандар Олимов мезбонлар вакили Cиприан Жовcиони, ушбу вазндаги иккинчи боксчимиз Нодирбек Аллаберганов эса озарбайжонлик Элбурс Каринлини мағлубиятга учратди. -63,5 кг вазнда рингга кўтарилган Элбек Бахтиёров эса беларуслик Дорес Марианони енгиб, навбатдаги босқичга йўл олди.
Шунингдек, турнирнинг вазн тоифаси 67 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари орасида Акбар Аҳмадов мезбонлар шарафини ҳимоя қилаётган Алехандру Cараре устидан зафар қучди. 75 килограммгача вазндаги икки боксчимиз — Норбек Абдуллаев ва Руслан Эсонов ҳам муваффақиятли одимларини давом этирди. Аниқроғи, Нодирбек украиналик Ничита Загарcенcони, Руслан эса италиялик Cиурило Гиусепени таслим қилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА