Кеча ярим финал ва 5-8-ўринларга даъвогарлар ўртасидаги қизғин беллашувларнинг сўнгги партиясида ҳаммасига ойдинлик киритилди.
Ярим финалнинг 2-партиясида норвегиялик Магнус Карлсенга қарши баҳс олиб борган Нодирбек Абдусатторов шиддатли ўйинни ўз фойдасига ҳал этиш имкониятига эга бўлган ҳолда ўйинни дуранг билан якунлади. Баҳснинг 10-юриш ҳолатида хатоликка йўл қўйиши ва орадан иккита юришдан кейинги яна бир кичкина чалғиш вазияти учрашувни муроса томон бошлади. Биринчи партиядаги ғалаба ва 2-партиядаги тенглик собиқ жаҳон чемпиони Карлсенни финалга, Абдусатторовни 3-ўрин учун кураш майдонига олиб чиқди.
Ярим финалнинг иккинчи жуфтлигидаги Левон Аронян ва Фабиано Каруана жанги дуранг ҳолатида тай-брейкка, ундан сўнг армагедон баҳсигача етиб борди. Армагедонда эса Каруана ютуққа эришди ва финал учрашувида Магнус Карлсен билан рўбарў келадиган бўлди.
Шунингдек, 5-8-ўринлар учун курашда жаҳон чемпиони хитойлик Дин Лижэнь Франция вакили Алиреза Фирузжага имкониятни бой берган бўлса, ҳиндистонлик Доммараджу Гукеш ва германиялик Винсент Каймер қарама-қаршилигидаги ўйинда ҳинд шахматчиси 5-ўрин учун курашиш ҳуқуқига эга чиқди.
Бугун, 15 февраль куни мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ доллари бўлган нуфузли мусобақанинг финалида Карлсен – Каруана, 3-ўрин учун баҳсда Абдусатторов – Аронян, 5-ўрин учун Фирузжа – Гукеш ҳамда 7-ўринга эгалик қилишда Дин Лижэнь – Каймер жуфтликларининг илк партиялари ўтказилади. Айнан ушбу жуфтликлар эртага иккинчи партияда дона суради.
Эслатиб ўтамиз, Нодирбек мазкур турнирнинг дастлабки рапид мусобақасида Левон Аронян билан дурангга эришган эди.
Т.Рўзиев, ЎзА