Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни”га бағишлаб “Илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда хотин-қизларнинг роли” мавзусида форум бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик А.Реймов мамлакатимизда олима аёллар ва илмий изланишларни олиб бораётган тадқиқотчи хотин-қизлар, иқтидорли талаба-қизларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга, уларнинг қўлга киритаётган ютуқларига тўхталди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги 70-сессиясида 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни сифатида расман эълон қилинган бўлиб, 2016 йилдан бошлаб мазкур сана дунёнинг кўплаб давлатларида, хусусан, мамлакатимизда ҳам кенг нишонланмоқда. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 40 нафарга яқин фан доктори, 200 нафарга яқин фан ва фалсафа доктори, профессор, доцент илмий унвонларига эга хотин-қизлар турли соҳаларда фаолият олиб бормоқда.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректорининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Инжайим Сейтназарова. – Иқтидорли талаба қизларнинг нуфузли чет эл олий ўқув юртларига бакалавр ва магистратурага юборилиши, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун мақсадли квота ажратилиши бунинг яққол исботидир. Илм-фаннинг қийинчиликларини енгиб, унинг ривожига ҳисса қўшиш билан бирга, ҳаётда ардоқли она бўлиб, фарзанд тарбияси билан бирга, ёшларга устозлик қилиб келаётган хотин-қизлар ўқув муассасамизда кўпчиликни ташкил қилади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикасидаги илмий муассасалар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, фан докторларининг турли мавзулардаги маърузалари тингланди. Фаол иштирок этган хотин-қизларга ташкилотчилар томонидан ташаккурномалар топширилди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари