Учрашувда асосан бугунги кунда хотин-қизлар орасида кўпроқ учраётган онкологик касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларни эрта аниқлаш ва олдини олишда кўпроқ нималарга эътибор қаратиш кераклиги масалалари муҳокама қилинди. Дарҳақиқат, онкологик касалликлар бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам, афсуски, йил сайин кўпайиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири – ўсма касалликларининг кеч босқичда аниқланиши ва касалликнинг яширин кечиши ҳамда эрта босқичларда мурожаат қилинмаслигидир.
– Бугунги кунда ушбу касалликларнинг олдини олиш юзасидан юртимизда самарали ишлар олиб борилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиали радиология бўлими шифокори Даулетбай Қалбаев. – Хусусан, касаллик намоён бўлишига гормонлар бошқарувининг бузилиши, стресс сабаб иммунитет камайиши, ортиқча вазн сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, моддалар алмашинувининг бузилиши, қуёш нурида кўп юриш, ультрабинафша нурлар ва ташқи муҳитнинг ўзгариши, сурункали касалликларни даволамаслик ҳам бунга сабаб бўлади. Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш маъқул. Бу мамлакатимиз тиббиётининг энг устувор тамойилига айланмоқда. Чунки онкологик касалликлар ҳеч қачон дарров белги бермайди. Тана аъзосининг бутунлигини бузганида ёки вазифасини издан чиқарганида, белги беришни бошлайди.
Нафақат Ўрта Осиё давлатлари, балки ривожланган мамлакатларда ҳам бу касаллик кўпаяётгани, айниқса, юртимизда хотин-қизлар орасида кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони кўпроқ учраётгани қайд этилди. Мазкур турдаги касалликларни, хавфли ўсмаларни даволаш босқичи кимё, нур ва гормон терапияларини ўз ичига олади. Шу боис ҳам ҳар бир инсон ўз соғлигига беэътибор бўлмай, ҳар 6 ойдан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиб туриши, касаллик эрта аниқланган пайтида унинг олдини олишга ҳаракат қилиш кераклиги ҳаётий тажрибадан келиб чиқиб, мисоллар билан тушунтирилди.
Мулоқот давомида маҳалла хотин-қизлари ўзларини қийнаб юрган саволларга тажрибали шифокорлардан жавоблар олишди. Бундан ташқари, улар тажрибали маммолог шифокорлар ва УТТ аппаратида бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири