Россия президентлигига даъвогарлик қилаётган Борис Надеждин Украинадаги урушни танқид қилиб келади. Маълум бўлишича, Путиннинг ушбу эҳтимолий рақиби сайловда иштирок этишига тўсқинлик қилинган.
Надеждин март ойида бўлиб ўтадиган сайловда қатнашиш учун топширган аризаси блоклангани учун мамлакат олий судида сайлов комиссияси қарорига эътироз билдиришини айтди.
“Фуқаролик ташаббуси” партиясидан президентликка даъвогар Надеждин номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган 100 000 имзони топширган, аммо МСК тўпланган имзоларнинг 15 фоизида камчилик борлигини айтган. Комиссия фикрича, имзоларнинг бир қисми марҳумларга тегишли. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков сайлов расмийларининг қарори қоидага мувофиқлигини айтди.
– Россия бўйлаб 200 мингдан кўп имзо тўпладим, – деди Надеждин. – Биз ишимизни очиқ, ҳалоллик билан бажардик. Қароргоҳимиз ва манзилларимиздаги навбатни бутун дунё кузатди.
Сиёсатчи сайловда иштирок этиш ҳаётидаги муҳим қарор эканини таъкидлаб, мақсадидан воз кечмаслигини қўшимча қилган.