Кариб денгизидаги Гренадина ороллари жанубий қисмида жойлашган, пойтахти Сент-Жоржес шаҳри ҳисобланган Гренада – Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибидан ўрин олган мустақил давлатдир. 1974 йилда қабул қилинган Конституцияга мувофиқ, давлат бошлиғи – генерал-губернатор Буюк Британия қироли номидан иш кўради. Қонун чиқарувчи идора – икки палатали парламент, ижро ҳокимияти – Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат. Парламент сайловида кўпчилик овоз олган партия раҳбари Бош вазир этиб тайинланади.
Вулқондан ҳосил бўлган Гренада оролларида ҳозир ҳам мавжуд бўлган бир неча вулқон чўққиларининг энг баланд нуқтаси 840 метрга тенг.
Мамлакат аҳолисининг 50 фоиздан кўпи қора танли, 40 фоизи дурагай, ҳинду ва европалик, расмий тили – инглиз тили.
1498 йил Христофор Колумб кашф этган оролни 1650 йил Франция эгаллаган. 1783 йилдан Версал сулҳ шартномасига биноан, Буюк Британия мустамлакаси ҳисобланади. 1967 йил Буюк Британия билан бирлашган давлат сифатида эълон қилинган.
1974 йил февралда мустақилликка эришган Гренада шу йил 17 сентябрь куни БМТ аъзолигига қабул қилинди. Миллий байрамлари: 7 февраль – Мустақиллик куни, 13 март – Инқилоб куни.
Ялпи ички маҳсулотда мамлакат иқтисодиёти асосини ташкил этадиган қишлоқ хўжалигининг улуши 15,5 фоиз, саноат улуши 6 фоиз. Асосан банан, какао, кокос ва мускат ёнғоғи (жаҳонда 2-ўрин), пахта, цитрус мева, шакар қамиш етиштирилади. Чорвада қорамол, чўчқа боқилади, балиқ овлаш, ўрмончилик ҳам ривожланган.
Саноатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб, ёғ, пиво, алкоголсиз ичимликлар, шунингдек мебель, кийим-кечак ишлаб чиқарадиган кичик корхоналар бор.
Хорижий сайёҳлар ташрифи мамлакат учун катта аҳамиятга эга. Гренадада темир йўл мавжуд эмас. Асосан денгиз порти ва Сент-Жоржес шаҳридаги халқаро аэропорт мамлакат аҳолиси ва сайёҳлар учун хизмат кўрсатади.
Маориф соҳаси инглиз таълим тизими таъсирида ривожланган. 6-14 ёшли болалар учун мажбурий бепул таълим жорий этилган.
Хусусий мактаблар ҳам бор. Бошланғич ва ўрта мактабда ўқиш муддати 7 йилдан. Ҳунар-техника, педагогика билим юртлари бор. Гренадада Вест-Индия университети факультети жойлашган.
Оролда инглиз тилли “Ҳукумат газетаси” (Government Gazette), “Гренада посбони” “Гренада гардиан” (Grenada Guardian), “Гренада овози” (Grenadian Voice) ҳафталик газеталари нашр этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 11 октябрь куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида Ўзбекистон ва Гренада ўртасида дипломатик муносабат ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА