Чирчиқ шаҳрида волейбол бўйича 14 ёшгача ва ундан кичик ёшдаги ўғил болалар ўртасида ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионти Ҳамдўстлик кубогида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган жамоа номини аниқлашга хизмат қилади.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев, ЎзДЖТСУ биринчи проректори Шерзод Мирзанов, Чирчиқ шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Бекмурод Бадалов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан ўйин спорт турларини, хусусан, волейболни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги хусусида тўхталиб, турли ёш тоифасидаги терма жамоаларни шакллантиришда ички мусобақалар катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг спортчи-ўқувчиларидан иборат 14 та жамоа 4 та гуруҳдаги баҳсларда иштирок этмоқда. Мусобақада ғолибликни қўлга киритган жамоа жорий йилнинг 16-20 апрель кунлари Россиянинг Новосибирск шаҳрида ўтадиган Ҳамдўстлик кубогида қатнашади.
Мусобақалар 12 февралга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА мухбири