Пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати қизғин паллага кириб бормоқда. Бугун Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар аъзоси медаллар учун супачага чиқди.
Дастлаб қизларимиз Озода Ҳожиева ҳамда Шаҳноза Жабборова -64 кг вазн тоифасида медаллар учун кураш олиб борди. Якунда умумий ҳисобда 192 кг қайд этган О. Ҳожиева олтинчи, бу йил 15 ёшни қарши оладиган Ш. Жабборова эса 184 кг билан еттинчи поғонадан жой олди. Кучли учликни Сук Ри (КХДР) – 253 (112+141) кг, Цуи-Чиа Ли (Хитой Таипейи) – 203 (85+118) кг ва Минкюнг Парк (Жанубий Корея) – 202 (86+116) кг эгаллади.
Куннинг иккинчи ярмида йигитларимиздан 2021 йилги жаҳон чемпиони Достон Ёқубов ҳамда Муҳаммадқодир Тоштемиров -73 кг вазннинг “А” гуруҳида иштирок этди. Икки кураш ҳисобида 330 кг кўтарган Д. Ёқубов тўртинчи ўринни эгаллади. 316 кг тошни бўйсундирган М. Тоштемиров эса чемпионатни саккизинчи бўлиб якунлади. Қайд этиш жоиз, мазкур дастурда олтин медаль силтаб кўтариш йўналишида 204 кг билан жаҳон рекордини янгилаган индонезиялик Раҳмат Эрвин (363 (159+204)га насиб этди. Кейинги ўринларни Жунианяҳ Ризқи (Индонезия) – 353 (158+195) кг ва Миямото Масанори (Япония) – 335 (150+185) кг қўлга киритди.
Осиё чемпионати 10 февралга қадар давом этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА