Аввал хабар берилганидек, эртага – 7 февраль куни Озарбайжон тарихида муҳим кун, яъни навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бу мамлакатдаги тўққизинчи ва кетма-кет иккинчи навбатдан ташқари президентлик сайлови ҳисобланади. Айни кунларда Бокуда бўлиб турган республикамиздаги Озарбайжон миллий маданият маркази раиси Мобил Маммедов билан айни жараён ҳақида суҳбатлашдик.

– Маълумки, бу сайлов Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги қайта тиклангандан кейин ўтказиладиган илк муҳим сиёсий воқеа ҳисобланади. Озарбайжон халқининг бу жараёнга муносабати қандай?

– Амалдаги Президент Илҳом Aлиев фармойишига кўра, Озарбайжонда муддатидан олдин президентлик сайлови 2024 йил 7 февралда ўтказилиши белгиланган. Қорабоғ озод қилингандан кейинги биринчи, ҳудудий яхлитлик ва суверенитет тикланган шароитда ўтадиган ушбу сайлов ғолиб мамлакат сайлови сифатида эътироф этилмоқда.

Ўтган 25-30 йил ичида Озарбайжонда кучли армияни шакллантириш ва давлатни ҳимоя қилиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш муҳим масалага айланди. Охирги уч йил нотинч Қорабоғ тилга олиниши барча озарбайжонликларни хижолатга солар эди. Энди давлатни яхлит бир саҳнада кўриш бизга ғурур бағишлайди ва бу ютуқдан барчамиз фахрланяпмиз. Сайлов эса юртнинг янада ривожланиши, нуфузи ошишига замин яратади. Шундан келиб чиқиб, озар халқи бу жараёнга жуда катта эътибор ва масъулият билан қарамоқда.

– Мамлакатда сайловга тайёргарлик қандай кечди?

– Мамлакатда сайлов демократик тамойил асосида очиқ, шаффоф ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йил 26 январь куни Марказий сайлов комиссияси 65 мингга яқин кузатувчини рўйхатга олди. Улардан 512 нафари 70 давлат, 49 ташкилотдан келган халқаро кузатувчилардир. Жараёнда Озарбайжоннинг 78 нодавлат ташкилотидан 6045 нафар кузатувчи ҳам иштирок этмоқда.

Шунингдек, воқеаларни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо барча мамлакатлар вакиллари, МДҲ Парламентлараро Aссамблеяси халқаро кузатувчилар гуруҳи кузатиб боради. 1000 та сайлов участкасига веб-камера ўрнатилган. Сайловни ёритиш учун 23 хорижий оммавий ахборот воситасидан ариза тушган.

Қорабоғнинг озод қилинган ҳудудида аллақачон участка сайлов комиссиялари тузилган, зарур барча воситалар ҳозирланган. Озарбайжондаги ва хориждаги барча фуқаролар, жумладан Ўзбекистонда яшаётган озарбайжонликлар ҳам мамлакатнинг эртанги куни, келажаги учун муносиб номзодга овоз беради.

Президентлик учун етти нафар номзод, жумладан амалдаги давлат раҳбари Илҳом Aлиев ҳам даъвогарлик қилмоқда.

– Хориждаги озарбайжонликлар жараёнда фаол иштирок этиши учун қандай шароит яратилган?

– Озарбайжоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида сайловчилар овоз бериши учун барча шароит яратилган. Хусусан, бизнес, ўқиш, саёҳат қилиш учун ёки бошқа сабаб билан Ўзбекистонда бўлиб турган озарбайжонликлар 7 февраль куни мамлакат элчихонасида ўзи танлаган номзодга овоз бериши мумкин.

Хуллас, Озарбайжон халқи ҳудудий яхлитлик тиклангандан кейин биринчи марта бутун мамлакат бўйлаб сайлов ўтказмоқда. Кўплаб сиёсатчилар бу воқеани мамлакат бўйлаб янги даврнинг бошланиши, дея баҳоламоқда.

Гўзал Сатторова суҳбатлашди.

ЎзА