Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар лигаси” мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Талабалар лигаси” спорт мусобақалари давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2023 йил 8 майдаги “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ҳамда 2023 йил 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларнинг ижроси юзасидан ўтказилмоқда.
Мамлакатимиз мадҳияси билан бошланган мусобақанинг очилиш маросимда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборга, шунингдек, талабаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши тизимини такомиллаштириш, истеъдодли ёшларни саралаб олиш ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар захирасини шакллантиришда мазкур мусобақанинг аҳамияти катта эканини таъкидлашди.
Мусобақаларга 1 февраль куни старт берилиб, дастлаб баскетбол бўйича қизлар жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Унда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг жамоаси биринчи, Нукус давлат педагогика институти иккинчи, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Иккинчи куни баскетбол бўйича эркаклар жамоалари майдонга тушди. Қизиқарли ўтган баҳсларда биринчи ўрин Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали, иккинчи ўрин Нукус давлат педагогика институти, учинчи ўрин Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоасига насиб қилди.
Мусобақалар белгиланган жадвал асосида 1-5 февраль кунлари баскетбол, мини футбол, 10-15 февраль кунлари волейбол, шахмат, 20-25 февраль кунлари стол тенниси бўйича ўтказилиши режалаштирилган. Уларда олий таълим муассасаларидан 448 нафар талаба, шундан 176 нафар талаба-қиз иштирок этади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари