Покистон раҳбарлари ҳукуматда сиёсий элита кўпроқ жой эгаллаши учун курашмоқда. Таҳлилчилар фикрича, ҳарбийлар таъсири кучлилиги сабаб, бундай ўзгариш қилиш имконсиздек туюляпти.
Покистон армияси ўттиз йилдан кўпроқ вақт давомида мамлакатни бевосита бошқариб келмоқда. 2022 йил ноябрь ойида ўша пайтдаги армия бошлиғи Қамар Жовид Бажва армия узоқ вақт сиёсатда устунлик қилганини тан олиб, хайрлашув нутқида армия бундан буён Покистоннинг демократик фаолиятига аралашмаслигини таъминлашга ваъда берган эди. 14 ой ўтгач, ўша ваъда ўзини оқламагандек кўринади. Мамлакат 8 февралдаги сайловга тайёргарлик кўраётган бир пайтда ҳарбийларнинг таниш сояси яна кўрина бошлади. Собиқ Бош вазир Имрон Хон давлат сирини сотгани учун 10 йилга қамалиши, партиянинг бир неча фаоли яшириниб юргани бунга мисол.
Журналистлар Имрон Хон ва унинг партияси ҳақида сўз кетганда, ҳарбийлар томонидан ўрнатилган цензура тўғрисида гапиришади. Жамиятда сайлов олди руҳияти сезилмайди.
Ушбу сиёсий бўғин Покистонни ўттиз йилдан кўпроқ вақт давомида тўғридан-тўғри бошқариши ҳеч бир Бош вазир беш йиллик ваколатини тугата олмаслиги, тўрт ҳарбий диктатордан уч нафарининг ҳар бири тўққиз йилдан ортиқ ҳукмронлик қилишига олиб келди. Навбатдаги сайлов яқинлашаётган бир вақтда фахрий сиёсатчи ва таҳлилчиларни бир савол қизиқтиради: 241 миллион аҳолиси бор давлат сайловдаги фуқаролик ва ҳарбий номутаносибликни тўғрилай оладими?
Демократия ўрнатилиши
Лаҳорлик журналист ва муҳаррир Бадар Аълам айтишича, ҳарбийлар ҳокимият маркази сифатида ҳарбий бўлмаган соҳалар устидан ҳукмронлик ўрнатган институт бўлиб қолмоқда. Собиқ федерал вазир, ҳозир истеъфодаги сиёсатчи Асад Умар фикрига кўра, армиянинг мутлақ устунлиги 1948 йил Ҳиндистонга қарши урушдан кейин мустақилликка эришилгандан бир йил ўтиб пайдо бўлган. Яна ўн йил ўтгач, армия бошлиғи генерал Аюб Хон давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятни қўлга киритгач, мамлакатда биринчи марта ҳарбий ҳолат жорий этилди. Ўшандан бери ҳарбийлар бошқа ҳукумат идораларига қараганда кўпроқ бюджет ресурсига эгалик қилиб келади.
“1958 йил ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга киритиб, ҳарбий ҳолат ўрнатгач, уларнинг Покистон сиёсий ҳукуматидаги фаолияти мўътадиллаша бошлади”, дейди икки муддат молия вазирлигини бошқарган Мифтоҳ Исмоил.
“1948, 1965, 1971 ва 1999 йилларда Ҳиндистон билан кечган уруш армияни муҳим ўйинчига айлантирди. Ҳинд таҳдидига қарши курашиш мақсадида армияни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун доимий равишда ҳокимиятдан катта маблағ ажратилган. Армиянинг кучайган таъсири мамлакатда сиёсий конфигурацияни юзага келтирди. Покистон сиёсий синф сифатида бўлинган гибрид бошқарув тизимининг ёрқин намунасидир”, дейди сиёсатшунос Асма Файз.
Покистондаги сиёсий партиялар ва зўравонлик ҳақидаги китоб муаллифи, ёзувчи Нилуфар Сидқий партияларнинг муваффақиятсизлигига ҳарбий аралашувни сабаб қилиб келтиради. Натижада партиялар сулолавий, ички нодемократик ва маҳаллий даражада чекланиб қолган. Баъзи фахрий раҳбарлар таъкидлашича, сиёсатчилар ҳарбийлар билан бирга ишлашдан манфаатдор, улар жараёнга тўлиқ шерик, рақибларини йўқ қилиш учун ҳарбийларга таянади, уларнинг номидан иш кўради. Шу сабаб сиёсатчилар ўзларини “кичик диктаторлар” каби тутишади.
Демократия ваъдаси
Покистон учун демократияга йўл 1980-йиллар охири, 1990-йиллар бошида генерал Зиё-ул Ҳақнинг 11 йиллик диктатурасидан сўнг пайдо бўлган. Генерал 1988 йил августда авиа ҳалокатда ҳалок бўлган. Кейинги 11 йил давомида ҳукумат тўрт марта, барчаси манипуляция, сохталаштириш ва ҳарбий аралашув айблови билан кечган сайлов жараёнини бошдан кечирди. Беназир Бхутто етакчилигидаги Халқ партияси икки сайлов (1988, 1993)да, Навоз Шариф бошчилигидаги Муслим лигаси эса қолган иккитаси (1990, 1997)да ғалаба қозонган. Тўрт ҳукуматнинг ҳеч бири бугунги кунда ҳам давом этаётган коррупция ҳолатини йўқота олмади.
Мамлакатаги сўнгги тўғридан-тўғри ҳарбий тўнтариш 1999 йил октябрь ойида ўша пайтдаги армия бошлиғи генерал Парвиз Мушарраф ҳукуматни ағдариб, Бош вазир Навоз Шарифни қамоққа олганда содир бўлган. Мушарраф ҳукмронлиги 2008 йилгача давом этса-да, бу даврда Халқ партияси ва Муслим Лигаси бир-бирига яқинлашиб, 2006 йил муҳим ҳужжат аталмиш Демократия Хартиясига келишиб олди. Бхутто ва Шариф конституцияга зид йўллар билан бир-бирига путур етказмаслик, ҳукуматни ағдариш ёки ҳокимиятга келиш учун ҳарбий ёрдам сўрамасликка қарор қилишган.
2007 йил декабр ойида Бхутто сиёсий митинг чоғида ўлдирилгач, партияни унинг турмуш ўртоғи Осиф Али Зардорий эгаллади. 2008 йилги сайловда Шарифнинг партияси ҳокимиятга келди.
2013 йил сайловида нафақат ҳукумат таёқчаси Халқ партиясидан Муслим Лигасига ўтди, балки, харизматик Имрон Хон янги пайдо бўлган сиёсий куч бошчилигидаги Адолат учун кураш партияси юксалишини ҳам кўрсатди. Кейинги 5 йил ҳарбийлар ва ҳукумат ўртасидаги келишмовчилик кучайгани сабабли Хон партияни қўллаб-қувватлай бошлади. Унинг танқидчилари 2018 йилги ғалабани сайловга саноқли кунлар қолганда вазирликдан четлатилган Шарифдан қутулиш учун танланганини айтади. Охир-оқибат Имрон Хон ва ҳарбийлар ўртасида ҳам таранглик кучаяди ва 2022 йил апрелида парламент ишончсизлик вотуми орқали Бош вазир ҳокимиятдан четлаштирилди. Хон буни ҳарбийлар АҚШ бошчилигидаги фитна орқали уюштирилганини даъво қилиб келади. Вашингтон ҳам армия ҳам бу айбловни рад этади.
Шариф ва Хоннинг тажрибаси Покистондаги сиёсатчилар нима учун кўпинча ҳарбийлар хоҳиш-истагини бажаришга мажбур бўлишини кўрсатади. “Агар шундай қилмаса, уларнинг қамоқ, суд, тескари ташвиқот қилувчи ОАВ таъқибига учраши, ҳатто қотиллик қурбонига айланиши хавфи бор”, дейди Лаҳорлик журналист Аълам.
Собиқ сиёсатчилар мамлакатда бундай гибрид тизимдан қутулиш учун сиёсатчиларни бирлашишга чақириб келади. Афсуски, кўпчилик собиқ вазирлар навбатдаги сайлов ҳам олдингилари сингари мазхарабозликдан бошқа нарса эмаслигига ишонади.
Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА