Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев “Очиқ эшиклар куни” доирасида тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ва таклифлар бўйича қабул ўтказди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ҳар ҳафтада “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилган. Қабулда шаҳар ва туманлардан тадбиркорлар, тегишли соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда асосан ўз тадбиркорлигини ривожлантириш борасида учраётган муаммолар, молиялаштириш ва кредит ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ер майдонларини ажратиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари, вақт талаб этадиган мурожаатлар Жўқорғи Кенгес Раисининг назоратига олиниб, тез фурсатда ижобий ечим топиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.
Ҳар ҳафтанинг жума кунида ўтказилаётган “Очиқ эшиклар куни”да тадбиркорлар олдида учраётган тўсиқлар ва муаммоларни бартараф этиш, уларнинг таклиф ва фикрларини тинглаш билан бирга, бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш учун махсус тузилган штаб фаолият олиб бормоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири