Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Сенат девони ходимлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутатлари, шунингдек, Халқ депутатлари Навоий вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари котибият мудирлари, депутатлари учун “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Жамолиддин Ҳамроев сўзга чиқиб, Кенгаш котибияти, доимий комиссиялар ва партия гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида депутатлик ўринлари сони 345 тани ташкил этиб, унинг 60 таси вилоят Кенгаши депутатларидир. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида 8 та доимий комиссия фаолият олиб бормоқда.
Семинарда таъкидланганидек, Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши томонидан 2023 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат дастурлари ижроси билан боғлиқ ва бошқа турли мазмундаги масалаларга оид 21 маротаба сессия ўтказилган. Кенгаш муҳокамасига 136 та масала киритилиб, уларнинг 14 таси депутатлар, 44 таси доимий комиссиялар, 18 таси партия гуруҳлари томонидан амалга оширилган.
Қолган масалалар Кенгаш иш режалари, Президент ва Ҳукумат ҳужжатларида берилган топшириқ ва кўрсатмалардан иборат.
Депутатлар томонидан 2023 йилда вилоят ташкилот, корхона ва муассасаларига турли мазмундаги 117 маротаба депутатлик сўрови юборилган. Уларнинг 114 тасига жавоб берилган. 10 та депутатлик сўровининг ечими Кенгаш сессияси муҳокамасига киритилган.
Якунланган йилда депутатлар томонидан жойларда ва ўз сайлов округларида аҳоли билан ўтказилган учрашувларда 400 дан ортиқ муаммо аниқланган ва уларнинг 390 таси ижобий ҳал этилган.
Бугунги кунда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашлари қарорларини тўлиқ электрон тарзда, яъни е-qaror.gov.uz тизими орқали расмийлаштириш йўлга қўйилган. Шунингдек, 2023 йилнинг сентябрь ойидан edo.ijro.uz электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтилди. Ўтган йилнинг 1 декабридан E-kengash платформаси ишга туширилиб, вилоят Кенгашининг navoiykengash.uz веб сайти ташкил этилди.
Семинарда Олий Мажлис Сенати девонидаги Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш марказининг Маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятига услубий кўмаклашиш бўлими мудири Абдурашид Алтиев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Шарапат Отемисов сўзга чиқиб, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳудудлар манфаатига доир муҳим қарорлар қабул қилиш, назорат воситаларидан самарали фойдаланиш, маҳаллий Кенгашлар томонидан назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш, бу борада депутатлар жойлардаги аҳоли муаммоларини ҳал этишда ташаббус кўрсатиши, муаммолар ечимини қабул қилинадиган қарорларда акс эттириб, уларнинг ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини амалга ошириши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашидаги Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ғофир Алиев, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳайитов ва бошқалар депутатлар томонидан ўрганилган муаммолар ва Кенгаш сессияларига киритилаётган масалалар мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.
Сенатор ва депутатлар Навоий давлат педагогика институтида бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасидан келиб таҳсил олаётган талабалар билан учрашди.
Учрашувда мамлакатимизда ёшлар учун яратилган кенг имконият ва имтиёзлар, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан, қорақалпоғистонлик ёшлар учун ажратилган квоталар ҳақида маълумот берилиб, қорақалпоқ таълим йўналиши талабалари томонидан бадиий чиқиш намойиш этилди.
Меҳмонлар туман ва шаҳар Кенгашлари котибиятларида бўлиб, яратилган шароитлар, ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари