Қатар футбол майдонларида ўтаётган Осиё кубоги 1/4 финал босқичи доирасида Қатар – Ўзбекистон учрашувини бошқариб борадиган ҳакамлар бригадаси эълон қилинди.

Унга кўра, 3 февраль куни ўтадиган мазкур учрашувни кореялик ҳакамлар назорат қилиб боради.

Ўйиннинг бош ҳаками вазифасида Ким Ҳи Гон, қанот ҳакамлари сифатида Ёон Жае Еол, Парк Санг Жун ҳаракатланиши белгиланди. Захира ҳакамлиги эса қувайтлик Абдулла Жамалига юклатилди. VAR тизимида Жанубий кореялик мутахассис Ким Жонг Ҳеок, AVARда эса қувайтлик Аҳмад Алали фаолият кўрсатади.

Шу ўринда айтиш лозимки, Ким Ҳи Гон жорий мавсумда ҳозирча 5 та учрашувда майдонга тушган. Ушбу учрашувларнинг барчаси клублар ва терма жамоалар иштирокидаги халқаро мусобақалар ҳиссасига тўғри келади.

Эътиборли томони, ушбу мутахассис Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 5-турида “Насаф” – “Ал-Файсали” учрашувини бошқарган эди.

Т.Рўзиев, ЎзА